Жиноят оламида аёллар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлиги доимо долзарб аҳамият касб этиб келган. Бу кўрсаткич эркаклар жиноятчилигига нисбатан анча кам миқдорда бўлса-да, салбий оқибати жиҳатидан аёллар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилиги олдинда туради.

Ҳар бир аёлнинг ортида фарзандлари ва оиласи шаъни туради. Аёл энг аввало она, фарзандлар тарбиячиси, онанинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса у тарбиялаган фарзандлардан ижобий хислатни кутиш ноўрин.

Аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, уларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этмаслиги учун маҳалла фаоллари, отинойилар ҳар бир хонадонларга кириб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва мутасадди идораларга йўналтириш орқали ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ҳунармандчилик ёки тадбиркорликка жалб этиш ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар билан манзилли иш олиб борилмоқда.

Хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишларни ташкил этиш ва жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш учун нотинч оилалар вакиллари билан ишлашга асосий эътибор қаратилган.

Сайхунобод туманида 2019 йил бошида маъмурий жавобгарликка тортилган хотин-қизлар 135 нафарни ташкил қилган бўлса, тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари, ўтказилган давра суҳбатлари натижасида йил охирида бу кўрсаткич 77 тани ташкил этмоқда.

Оиладаги маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бу борада жамоат ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш борасида янги тизим йўлга қўйилди. Оилаларда маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш учун маҳалла фаолларидан иборат 30 нафар ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриш орқали хотин-қизлар ўртасида  тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Машҳур тожик шоири Рўдакий “Қайси миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз уларнинг қизларини – бўлажак оналарини тарбиядан чиқаринг, қайси бир  миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини — бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг’’ деганлар.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, аёл жамият таянчи, оиламиз гултожи,  қалбимиз кувончи. Унинг ножўя қадам босиши ҳалокат, фожеа ҳисобланади. Зеро унга енгил-елпи ҳаёт илинжида ўзини ҳар кўйга солиш эмас, ҳаё ярашади, панжара ортида кераксиз буюмдек беҳуда ҳаёт кечириш эмас, бешик бошида алла айтиш ярашади.

 

ЎҒИЛОЙ МИРЗАЕВА,

Сайхунобод тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси