Баъзан жамият механизмининг чиришига ўзимизнинг дангасалигимиз сабаб бўлади. Яъни, ҳужжатлар рпасмийлаштириб, югуриб юришдан эриниб, бирорта масъул ходимни «йўлдан урамиз», яъни унга бирор нарса қистириб, ишимизни осон битиришга ҳаракат қиламиз.

Бу билан нафақат ўзимиз ноқонуний иш қиламиз, балки битта амалдорнинг пора олишига сабабчи бўламиз. Жуда бўлмаса, ишимиз тушган мансабдор шахснинг қариндош-уруғи, танишларини қидириб бошлаймиз. Мақсад эса битта. Ҳужжат тўплаш, расмийлаштириш даҳмазаларидан қочиб, ишимизни енгил битириш. Оқибати бизни қизиқтирмайди. Ҳолбуки ўша амалдор биздан кейин келадиганларнинг қўлига ҳам беихтиёр қарай бошлайди. Коррозия айнан шу ердан бошланади. Шу боис, баралла айтамизки, коррупция –ўзбекчилик эмас, балки жиноятдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун ҳуқуқий асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.

Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 20 февралдаги 63-ум-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига 2-илова “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастурини амалга ошириш бўйича Йўл харитаси”нинг ижроси таъминланиб келиняпти.

Хусусан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган 4 турдаги буклет ва флаерлар тайёрланди.  Ушбу тарғибот материаллари мавзуга оид тадбирларда тингловчиларга тарқатилмоқда.   

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида жамоат жойларида ўрнатиш учун “Коррупцияга қарши барчамиз курашамиз”, “Коррупция жамиятни емиради” каби шиорлар остида баннерлар тайёрланган.

#БизКоррупциягаҚаршимиз хештегини оммалаштириш мақсадида тизимдаги бўлимлар ва давлат нотариал идоралар биноларидаги ахборот тахталарига  @antikorbot  флаерлари  жойлаштирилган.

Адлия вазирлиги томонидан шунингдек,  2019 йил 27 ноябрь куни “Адлия органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ойлигини ўтказиш бўйича Тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Ушбу тадбирлар дастурига кўра адлия органлари ва муассасалари томонидан идоравий коррупцияга қарши курашишнинг дастурларини самарали амалга ошириш, ҳисобдорлик ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан амалий тадбирларни бажариш орқали соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш бўйича қатор бандлар киритилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, Адлия органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш давлат органлари ичида биринчилардан бошлаб, амалга оширилиб бошланди.

Сирдарё  вилоят  адлия  бошқармасида  давлат  нотариал  идоралари

ходимлари учун семинар  ташкил этилиб,  2019 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш Дастури”нинг мазмун-моҳияти  тушунтирилди.

Тадбирда давлат нотариал идоралари ходимлари учун аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, касб этикаси, кийиниш ва муомала маданияти ҳар бир ходим учун муҳим сифатга айланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мулоқот давомида айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари, соҳада учраётган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди ҳамда тизимни “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Адлия тизимидаги  Давлат нотариал идораларининг нотариуслари ҳамда уларнинг ёрдамчилари томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилмаслиги учун “Сирли мижоз” тадбири ўтказиб келинмоқда. Бунинг самараси ўлароқ нотариат соҳасида янгиликлар, очиқлик ва шаффофлик таъминланди. Аҳоли ўртасида нотариуслар хизматидан норозилик камайди. Қувонарлиси,  иккинчи-учинчи чоракларда  Сирдарё вилоят давлат нотариал идоралари  шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, халққа хизмат қилиш сифатини юксалтириш бўйича биринчи ўринни эгалладилар.

Шу билан бирга, адлия тизимида ишонч телефонларидан ташқари, advice.uz  портали  ҳамда “Telegram” каналида  @antikorbot  ишга туширилди. Ушбу бот орқали шахси ошкор қилинмаган ҳолда исталган фуқаро адлия вазирлигининг масъул шахсларига уланиши ва ўз шикоятини ёзиб юбориши мумкин.

Шу билан бирга Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг “Facebook”  ижтимоий тармоғидаги саҳифалари орқали ҳам биз мурожаатларни қабул қиламиз ва бу нарса  фаолиятимиздни такомиллаштириб боришга ёрдам беради.

 

Умид Бакиров,

Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг Кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси