Сирдарё туманида «Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» мавзусида семинар ва сайёр қабул ўтказилди
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль-март ойлари «Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» деб эълон қилинган бўлиб, ойлик доирасида хотин-қизларга уларнинг ҳуқуқларини тушунтириш ва уларга яратилган имтиёзлар ҳақида хабардор қилиш бўйича жойларда ўқув-семинарлар, сайёр қабуллар ва бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё туманида ташкил этилди. Адлия бошқармаси, туман адлия бўлими ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир 2 қисмдан иборат бўлиб, дастлаб семинар тарзида хотин-қизларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини тушунтириш мақсадига қаратилди.

Тадбирда сўз олганлар хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари, юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва нуфузини янада оширишга қаратилган эътибор ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгилаб қўйилган. Ушбу конституциявий норма бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида том маънода ўз ифодасини топмоқда.

Семинарда туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Содиқжон Ҳамроев томонидан гендер тенглик, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, аёлларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари, аёлларни мономарказларда касбга қайта тайёрлаш, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оилада аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Шундан сўнг хотин-қизлар учун сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабулда туман адлия бўлими, «Мадад» ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси, Ички ишлар бошқармаси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Пенсия жамғармаси туман бўлимлари масъул ходимлари иштирок этишди. Тадбир мобайнида уй-жойни расмийлаштириш, паспорт олиш, моддий ёрдам, алимент ундириш, пенсия, нафақа тайинлаш, шунингдек, оилавий муносабатларга

оид мурожаатлар қабул қилиниб, ҳар бир мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, ўрганиш муддат талаб қиладиган 10 та мурожаат адлия бўлими томонидан иш юритувга олинди.

— Туманимизда 131800 нафар аҳоли бўлиб, шундан 65800 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Бугунги тадбирга ҳуқуқий маслаҳатга эҳтиёжи бор аёлларимизни жамладик. Тадбир самарали бўлди, аёлларимиз ўзларини ўйлантириб келаётган саволлари билан мурожаат қилишди, ҳуқуқий маслаҳатлар олишди, — дейди Сирдарё туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Муножат Шарипова.

 

Вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.