МАШИНА ОЛДИМ

Бир пайтлар 20-21 яшарлигимда газетада бир хабарни ўқиб, роса ҳайрон қолганман. Унда Америкада яшайдиган бир компаниянинг котибаси автомашина сотиб олиш учун 20 йил ойлик маошидан пул йиққан экан. Эни хоним 37 ёшда машиналик бўлди, деган хабар эди.

Ўзим тиним билмасдан бир эмас, иккиталаб ишда ишласам-да  50 ёшдан ўтганда автокредитга бир машина сотиб олдим. Бир амаллаб автомактабда ўқиб олдим-да, машинани миниб ишга йўл олдим.

Машинани автотураргоҳга қўяр эканман, собиқ ҳамкасбимни кўриб қолдим:

-Ээ, машина қуллуқ бўлсин, тагидан шамол ўтиб турсин, — дея мулозамат қилди ҳамкасбим.

-Раҳмат…деяр-демасимдан, — машинани ювсангиз айтарсиз, — деди-да илжайиб нари кетди.  Ғалати бўлдим.

Эртаси куни ҳокимиятда ишлайдиган танишим қўнғироқ қилди.

-Акам, машина олибсиз, табриклайман, бу машинани қандай олдингиз, сотиб олдингизми ё?—дея ўсмоқчилаб сўради у.

-Сотиб олмасдан қанақа қилиб олиш мумкин? –саволга савол билан жавоб қайтардим мен.

-Ҳа энди…айтмоқчи, ойлик маошингиз қанча? – сўроқни давом эттирди у. – Яхши ишга ўтибсиз деб эшитдим, балки менга ҳам иш бордир?

….

Эртаси куни бир  дўстим қўнғироқ қилди.

-Салом, бойвачча дўстим, — деди ялтоқланиб, — одам мунақа бўлмайди-да?

-Тинчликми, нега ундай деяпсиз?

-Одам деган машина олгандан кейин ювади мундооқ, — деди чўзилиб. – Қаерга борай? Ювамизми?

-Ҳозиргина ўзим ювиб қўйдим машинамни, сизни овора қиламанми?

-О, тушунмас экансизку? – деди ҳиринглаб. – “Оқосоқол” билан ювилади-да…

Бир ҳафтадан кейин машина олганимни бутун шаҳар эшитди. Кўпчиликнинг боши қотган. Шунча пулни қаердан олибди,  деб. Баъзилар ўзларича “суриштирув ишларини” бошлаб юборган.

Аммо, ҳеч ким бир кўйлакни йиллаб кийишим, белимдаги камарим эскириб қолса, орқасини ўгириб тақишим, галстугимни икки йилда бир алмаштиришимга эътибор бермайди. Болаларим ҳам оддий кийиниши-ю, нонуштага нонга “Шедрое лето” суриб ейиши билан  иши йўқ. Хотинимнинг бармоғида битта никоҳ узугидан бошқа тақинчоқ олиб беролмаганман. Машина азалий орзуйим бўлгани учун, у менга қаршилик қилмаган.

-Эрталаблари азонлаб турсангиз, ишгача бир-икки “рейс” қилардингизда , дадаси, чой пули бўлармиди, — дея ютинади хотин.

Ҳаммасидан қизиғи ишхонамда бўлди. Бошлиғим чақириб, палон туманга боришимни ва   маълумот олиб келишимни айтиб қолди.

-Бензиним кам эди, -дея чайналдим мен.

-Машина сотиб оласизу, иш учун бензин қуя олмайсизми? – пичинг қилди бошлиқ. – Уят!

Кўчага  сувга тушган  мушукдек чиқдим.

Дарвозанинг олдида турган машинамга ўтирдиму ўйланиб қолдим.

Халқимиз нақадар доно, бирорта сўзи  хато кетмаган.

“Камбағал олса қаердан олдинг, бой олса – қуллуқ бўлсин” дегани шу экан-да?  Машинамни сотсаммикан?

 

Даврон Сурдиев.