Кўзингизга  термулиб

Қарашларга  уёламан,

Одамингиз келарми деб

Сўрашларга  уёламан.

 

  На бир сўз  деёламан,

  На  кўздан  қиёламан.

  Ишқингизда  ёнаману

 Сизни жуда қизғонаман.

 

Қўрқоқ куйиб отини

Аҳдингиз буза кўрманг,

Ўзга боғнинг гулини

Ногаҳон уза  кўрманг.

 

Ажратиб  оладурман

Парво қилманг ҳаққимни,

Бегонага  бермасман —

Муҳаббатим, бахтимни!

ДИЛОЗОРИМ

Сиз менинг сўзимга тутмайсиз қулоқ

Сиз менинг кўзимга боқмайсиз муштоқ.

Тинглайин демайсиз тилакларимни

Англайин демайсиз истакларимни.

 

Ахир сизни дейди интизор кўзлар

Сизга,фақат сизга дилдаги сўзлар.

Парво ҳам қилмайсиз,бепарвогинам,

Кўзга ҳам илмайсиз дилозоргинам.

 

Ширин — ширин хаёл сурганим бордир

Сизни қизлар ичра кўрганим бордир.

Майлига, ҳозирча қиё боқмайсиз —

Лек, мендан яхшисин топа олмайсиз!

 

ТАҚДИР

Тақдирнинг фолини кузатиб ҳайрон,

Хаёлим отини қочдим қамчилаб.

Ойнинг қизларидан ёлвориб тунда,

Ўзимга сўрадим юлдуз пичирлаб.

 

Тағин Зайнаб билманг мени, Бек ака,

Оғу билан асло олмасман ўчим.

Кўнглимда бир ҳавас яшайди якка —

Етар Кумуш бўлиб ўлишга кучим.

 

МЎЪЖИЗА

Нурга тўла шабнамнинг титроғида жон

Қирмизи гулларнинг  яноғида жон

Хаёллар, орзулар ушалган фурсат —

Соғинч деб аталган  қийноғида жон.

 

Тезлашди беаёв юрак  уриши

Кезлашди ва яна  нигоҳларимиз.

Кўнгилни сийлади меҳрибон баҳор

Эриб кетди қордай сўроқларимиз.

 

Мен сизни танидим, мен кўрган тушсиз

Сиз ҳам танидингиз, дедингиз  «тушсан..»

Юз берди мўъжиза — висол они бу

Эй менинг баҳорим, бунчалар хушсан!

Соғинч

Ярим тун. Чўчиб уйғондим. Ёстиқларим кўз ёшларимдан  нам. Яна Сизни тушимда кўрибман. Сочларимни силаб, қўлимдан етаклаб,  сўқмоқ бўйлаб иккимиз кетаяпмиз. Сиз шу қадар тез юраяпсизки, Сизга етиб юриш учун деярли югураяпман. Оёқларимга тиконлар, ўтлар урилади, ачиштиради. Жоним оғрияпти. Кўз ёшларим парда бўлиб йўлни  яхши кўромаяпман. Йўлда қоқилиб-суқилиб кетиб бораяпман. Қўлимда қўлингизни тафтини ҳис қилаяпман. Биламан, барибир  йиқилмайман. Чунки  ёнимда Сиз борсиз. Бир пайт мен томон  эгилдингизда «Тепага қара! Ҳув анави  юлдузни кўраяпсанми? Ўша  сенинг юлдузинг, шуни  мўлжаллаб, юравер. Дадил бўл, қўрқма, бу ёғига энди ўзинг кетасан» дедингиз. Ҳаммадан ҳам шундан қўрқандим. Мени ора йўлда  ташлаб кетишингиздан, ёлғиз  қолишимдан, бу кимсасиз эгри-бугри, ўтларга кўмилиб ётган  сўқмоқда ёлғиз қолишимдан, бу кимсасиз  эгри-бугри, ўтларга  кўмилиб ётган сўқмоқда ёлғиз қолишимдан қўрқандим. Жуда ёмон  қўрқандим. Орқангиздан югураман, оёқларим зил-замбил, жойидан қимирламайдилар. Юрагим  югуради. Дод солиб Сизни чақираман, овозим чиқмайди. Бўғзимга бир нарса  тиқилади. Сиз йўл  солган  сўқмоқ бошида туриб, атрофга  кўзлари олазарак боққан, кўз ёшлари кафтдек юзини ювган, довдираган жамалак соч қизчанинг аҳволига қараб хўрлигим келади. Алам қилади, жуда ёмон алам қилади.

Сиз йўқсиз, қуёш чиққанда тақалган туман сингари бир зумда йўқсиз. Сизни жуда-жуда соғинаман, юракларим эзилиб-эзилиб соғинаман.

Кўкка тикилиб ётибман. Сиз айтган  ўша умид юлдузимни қидиряпман. Улар эса бисёр. «Қайси эди-я!» тополмайман. Бир умр излаганимни топаолмай ўтдим, шекилли. Ҳувиллаган юрагим тубига ўзим суйган, меҳр қуйганларим, орзу-умидларим-армонларим хазонрезги япроқлар сингари  қат-қат бўлиб тўшалади. Улар ўша  ердан туриб симиллаб  оғрийдилар, қабоғларимга сизиб  чиқадилар. Дардим дунёларга  сиғмай қолади, йўқ-йўқ, нафақат дардим, ўзим ҳам  сиғмай қоламан.

Қўлим етмас  осмонларга  айланган, отажоним! Узоқдаги милтиллаган умид юлдузим! Кераклигим! Отагинам!  Елкангизга  бошим қўйиб дардларимни, хасратларимни тўкиб  солгим, тўйиб-тўйиб йиғлагим келади.  Сиздан  тасалли  сўзларимни эшитгим келади.  Хотирамда фақат мунг  чўккан  кўзларингизгина қолган. Сочларимни Сизга силатгим келмасди. Қани энди, ёнимда бўлсангиз,  жимжитлар ўлкасига кетмаган бўлсангиз! Силаганда қадоқларингизга илашган сочларим тортилиб оғриса ҳам майли эди, отажон.

Сизни жуда-жуда соғиндим.

 

Шарофат АБДУЛЛАЕВА.