Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида «Жаннат – оналар оёғи остида», деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадис шарифда: Бир киши Расулуллоҳ(с.а.в.)дан: «Инсонлар ичида яхшилик қилишга ким ҳақлироқ?»- деб сўраган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Онанг, кейин онанг, кейин яна онанг», деб жавоб берган эканлар. Онанинг бу тарзда отадан кўра уч баробар ҳақлироқ бўлиши боланинг дунёга келиши ва вояга етиши йўлида у тортган қийинчиликлар, тутган ўрни ва қилган хизматлари ҳисобигадир.

    «Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: «Онанинг дуоси тезроқ ижобат бўлади: «Ё Расулуллоҳ (с.а.в) нима учун?» – деб сўрадилар. Жавоб бердиларки: «Она отадан кўра фарзандига меҳрибонроқдир. Шафқат билан қилинган дуо зое кетмайди».

   Онага яхшилик қилиш, ҳурматини  жойига қўйиш шу қадар улуғ ишки, гуноҳларни мағфират қилинишига ҳам сабаб бўлар экан. Агар онанинг ўзи вафот этган бўлса, онанинг синглисига яхшилик қилиш ҳам  гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлар экан.

      Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом  бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон ва момоларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.

                                    Мавлудахон ТЎРАЖОНОВА,

                                    Сирдарё  тумани    ҳудудий отинойиси