Пресс-тур

                ТИББИЙ ЧИҚИНДИЛАР ҚАЙТА ИШЛАНАДИ

   АОКА ва Сирдарё вилоят бошқармаси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар ташаббускорлигида  пресс-тур ташкил этилди.

       Сирдарё вилояти Боёвут тумани кўп тармоқли  тиббиёт бирлашмаси ҳудудида  республикада биринчилардан бўлиб ишлатилган, санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган шприц, игна, шиша, реагент, плёнка, резина қўлқоп каби тиббий биологик чиқиндиларни зарарсизлантириб қайта ишлайдиган  утилизация шахобчаси фойдаланишга топширилди. Лойиҳа  Gavi(вакцина уюшмаси) ва UNISEF халқаро  ташкилотларининг 3,4  миллион  долларлик   грант маблағлари ҳисобига амалга оширилди.

 Шахобча тиббий жиҳозлар, дизенфекция  воситалари  ва  махсус кийимлар  билан тўлиқ таъминланиб, бу ерда иккита ишчи ўрни яратилди. Шу муносабат билан  АОКА, унинг вилоят бошқармаси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар ташаббускорлигида  пресс-тур ташкил этилди.

         -Тиббиёт бирлашмамиз, даволаш профилактика бўлимларидан чиқаётган “Б” гуруҳидаги чиқиндиларни махсус печларда ёқиб йўқ қилардик,-дейди бирлашма бош ҳамшираси Каромат Каримова,- ундан  тутун чиқиб, ёқимсиз ҳид тараларди. Янги, замонавий утилизация шохобчаси қурилиб фойдаланишга топширилиши атроф-муҳит, атмосфера зарарланишининг олдини олиш, тиббий чиқиндиларни тизимли йўқ қилиш, ходимлар билан иш жараёнида тиббий кўнгилсиз ҳодисалар (авария) юз беришига йўл қўймаслик имконини яратади.

        Дарҳақиқат,   Италия технологияси асосида жиҳозланган  замонавий утилизация шохобчаси  тиббий биологик чиқиндиларни майдалаб, дезинфекция воситалари орқали катта босим остида зарарсизлантириб, атроф-муҳитга мутлақо зарар етказмайдиган ҳолда қайта ишлаб ярим тайёр маҳсулотга айлантириб бермоқда. Ҳозирча туман тиббиёт бирлашмасининг ўзидан ойига 1 тонна ана шундай чиқиндилар қайта ишланаяпти. Бу ашёдан йўлакларга ётқизиладиган мустаҳкам плиткалар ишлаб чиқарса бўлади. Бирлашмага қарашли олис ҳудуддаги 10 та оилавий поликлиникаларда ҳам захира омборлари қурилиб, тиббий биологик чиқиндиларни тўплаш, зарарсизлантириш ишлари йўлга қўйилган.

      -Тиббий чиқиндиларга муносабатни ўзгартириш даври келди,- деди  муасасанинг очилиш маросимида сўзга чиққан  санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков,- Муолажа жараёнларида бир марталик тиббий буюмлардан фойдаланилаяпти. Бу ўз-ўзидан чиқиндилар ҳажми ҳам  ортиб бораётганлигини кўрсатади. Уларни қайта ишловчи шоҳобчанинг айнан Сирдарё вилоятида биринчилардан бўлиб ишга тушиши сирдарёлик тиббиёт соҳаси мутасаддиларининг фаоллигини билдиради.

   Тадбирда    Гави вакили франциялик мутахассис Ян Кастелец ҳам ҳамкорлик бундан буён ҳам давом этиши ҳақида  ўз фикрларини билдирди.

Баҳор ХОЛБЕКОВА.