Бугунги кунда ёш келинлар ўртасида чақалоқларни улар учун мўлжалланган сунъий озуқалар билан боқиш “урф”га айланиб қолди. Аксар ёш оналардан “болангизни кўкрак сути билан боқаяпсизми?”, деб сўраб қолсангиз, “йўқ, сутим келмаяпти”, деб жавоб беради.  Зеро мутахассислар – она сути гўдак учун зарур бўлган қанд, витамин ва минерал тузлардан иборат барча моддаларни ўзида мужассам этган озуқа эканлигини аллақачон исботлаб беришган. Она сути гўдак учун шу даражада муҳимки,  гўдак сутдан чиққунига қадар кун сайин унинг ривожланишига мос равишда ўзгариб бораверади. Яъни, сут таркибидаги микроэлементлар миқдори гўдак организмидаги эҳтиёжга кўра, кўпайиб ё камайиб тураркан.   Мутахассисларнинг эътирофича, она сутидаги мўъжизавий хусусиятлардан яна бири унда моддаларнинг бир-бирига аралашиб кетмаслигида ҳам экан. Шундан ҳам кўриниб туибдики, она сути билан озиқланган гўдак кам касал бўлади. Ошқозони бузилмайди, соғлом улғаяди.

            Кўпчилик оналар   ўз болаларини эмизишлари учун бир йил кифоя қилади, деб ўйлашарди. Лекин  суякларнинг ривожланиши учун эмизиш даври тўлиқ икки йил узлуксиз давом этиши зарурлиги маълум бўлди. Шифокорлар фикрича эмизиш даврига риоя қилиш бронхиал астма, қандли диабет каби сурункали ҳамда нутқнинг ривожланмаслиги ва вазн ортиб кетиши каби  дардлардан ҳам ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга экан. Шунингдек, бола организмининг соғлом бўлишида, унинг қобилиятининг ривожланишида, айниқса, ота-онага меҳрибон бўлишида ҳам она сутининг таъсири беқиёсдир.

            Аёл қалбида меҳр товланса, кўкрагидаги меҳр булоғи чашма каби отилиб чиқади. Фарзандларимизни ҳеч бир баҳонасиз кўкрак сути билан парвариш қилишга ҳаракат қилайлик. Зеро, сиз уларни қанчалик меҳрингиз товланиб эмизсангиз, улар ҳам келгусида бир умр сизга, ватанига, атрофдагиларга меҳри товланиб яшайди. Соғлом ва баркамол бўлиб вояга етади.

            Жамилахон КАРИМЖОНОВА,

Сирдарё туманидаги  “Навоий” номли МФЙ отинойиси.