Оилаларнинг бахтлилик индекси кўрсаткичи бўйича Сирдарёда юқори натижа қайд этилди

           Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти Ўзбекистондаги 14 та ҳудудда яшовчи 3054 нафар иштирокчида  «Оилаларнинг бахтлилик даражаси» мавзусида сўровнома ўтказди.

     Қайд этилишича, тадқиқотга 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган респондентлар жалб этилган. Уларнинг аксарияти 25−40 ёш оралиғидаги жуфтликлардан иборат оилалардир. Уларнинг жавоблари 8 та индикатор ва 21 та субиндикатордан ташкил топган умумий индекс воситасида баҳоланди. Шунингдек, натижани ҳисоблашда расмий статистик маълумотлар таҳлили ҳам ҳисобга олинди. Ўтказилган тадқиқот натижалари индекс кўрсаткичининг минус 1 дан плюс 1 оралиғида ўлчанди. Ўзбекистон бўйича оилаларнинг умумий бахтлилик индекси плюс 0,56 коэффициентни ташкил этмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳудудлар орасида Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оилаларнинг бахтлилик индекси кўрсаткичи энг юқори бўлган. Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилоятлари эса мазкур рейтингнинг сўнгги ўринларидан жой олди. Уларда ўрта даражадаги ижобий кўрсаткичлар қайд этилди, дейилади хабарда.

Сўровнома қуйидаги даражаларни қамраб олган:

— иқтисодий фаровонлик;

— демографик барқарорлик;

— соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги;

— таълим олиш имкониятлари;

— иш билан таъминланганлик;

— оилавий ҳаётдан қониқиш ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиш;

— оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти;

— оилаларнинг давлат органлари фаолияти ва хизматларидан қониқиши.

         Таҳлиллар натижасида Ўзбекистон оилаларининг аксарияти ўзини бахтли ҳис қилиши, ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараши, ҳаётий мақсадлари ҳамда режалари борлиги, муаммо ва қийинчиликларни халққа хос бўлган шукроналик ҳисси орқали енгиб ўтиши аниқланди, дейилади институт хабарида.