Инсон зоти шунақа. Меҳрга, дийдорга интиқ яшайди, мақтовларга мойил ва ҳурматталаб бўлади  Мамнун бир ҳолатда умргузаронлик қилсам, дейди. Бироқ, бунинг учун инсон ҳалол меҳнат қилиши керак, жон койитиши зарур, тиниб-тинчимас бир ҳолатда фаолият олиб бориши лозим.

Бизнинг қаҳрамонимиз шундай одам. У ҳамиша ўз вазифасини сидқидилдан адо этган,ўз касбини доимо ардоқлаган. 1982 йилдан бери Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси Жумабой Қосимов биз таъкидлаган умр йўлини босиб ўтди. Туман газетасининг мухбирлигидан то вилоят вазетасининг бош муҳаррирлигигача бўлган ҳаёт йўлини босиб ўтди.Туман ҳокимининг ўриносари, матбуот бошқармаси бошлиғи, журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг раиси вазифаларида ишлади.

Кўп йиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланган. Қатор кўкрак нишонлари, республикадан берилган фахрий Ёрлиқлар, ўнлаб ташаккурномалар унинг фаолиятига муносиб баҳо бериб турибди.

Сирдарёлик журналистлар ўз ҳамкасблари Жумабой Қосимовнинг уюшма аъзолигига 40 йил, меҳнат фаолиятига 50 йил, таваллуд кунига 70 йил тўлганлигини нишонладилар. Уюшма Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими фахрийлар Кенгаши раисми, профессор Равшанбек Маҳмудовлар юбилярга миллий либос –зоминча тўн, дўппи ва белбоғ тортиқ қилдилар. Яна ёзиб туринг, дея блокнот ва ручка ҳам  топширишди.

Таниқли журналист Жумабой Қосимов ўз навбатида табрик учун журналистлар уюшмаси ҳудудий бўлими раҳбариятига миннатдорчилик изҳор этди ва бундан-буён ҳам уюшма билан мустаҳкам алоқада  фаолият олиб боришини таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими.