Ҳилола Обидова: “Халқимизнинг кайфияти менга кўтаринки руҳ беради”

Сирдарёлик ёш тадбиркор Ҳилола Обидованинг шижоати, серғайратлилиги барчанинг ҳавасини келтиради. “Фаол тадбиркор”  кўкрак нишони соҳибаси  Ҳилола Обидова Гулистон шаҳридаги “Бетон-Саноат” МЧЖ бош директори ўринбосари лавозимида фаолият кўрсата бошлаганига эндигина тўрт йил бўлди.

Тошкентдаги иқтисодиёт олийгоҳини бундан беш йил олдин тамомлаган.  Ўз мақсадини олдиндан қатъий белгилаб олган ёш тадбиркор ўзининг эришган муваффақиятлари билан нафақат Сирдарё вилоятида, балки республикамизда ҳам танилган. У фаолият олиб бораётган корхона темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, шунингдек, йирик қурилиш объектларини лойиҳалаштиришга ихтисослашган бўлиб, айни пайтда 80 дан зиёд замонавий техникаларга эга.

– Янги  Ўзбекистон янада равнақ топаётган даврда халқимизнинг кайфияти менга кўтаринки руҳ беради, –дейди Ҳилола Обидова. – Ҳозирги кунда қатор субсидиялар бериляпти. Уй-жойлар қурилиши билан ҳам шуғулланмоқдамиз.  2017 йилда фаолиятимизни бошлаганимизда бир хил йўналишда ишлар эдик. Фақат суюқ бетон ва плита маҳсулотлари ишлаб чиқариларди. Ўша даврда ишчиларимиз сони нари борса 70-80-100 нафарни ташкил этган. Ҳозирги кунда доимий ишчилар 500 нафардан ошди. Мавсумий ишчиларни ҳисобга олганда 700-800 нафардан ошади. Бу деганим, ишчиларимиз  сони 2017 йилга нисбатан 10 баробарга ошди. Эндиги кунда савдо, маиший хизмат кўрсатиш ишлари билан ҳам шуғулланамиз. Ҳозиргача Гулистон шаҳрида кўплаб кўп қаватли уйларни қуриб фойдаланишга топширяпмиз. Кам таъминланган аҳолимизга арзон ва сифатли уйлар манзур бўлмоқда. Улар субсидия асосида ипотека кредитларини имтиёзли тарзда тўлашади. Президентимиз 2022 йил охирида Олий Мажлис ва  халқимизга йўллаган Мурожаатномасида “Тадбиркор бой бўлса, халқ бой бўлади”, деганлари мени ғурурлантирди. Тадбиркорларга енгиллик яратилаётгани, жумладан, қўшимча қиймат солиғининг 12 фоизга туширилиши алоҳида ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг намунаси сифатида бизни руҳлантиради. Натижада орттирилиб, ўзимизга қолдирилган маблағни ўрни келса  янги йўналишлар учун сарфлаймиз.

Корхона маблағлари ҳисобидан Янгиер шаҳрида алюмин профилларидан эшик ва ромлар ишлаб чиқариш учун 10 миллиард сўм ажратилган. Гулистон шаҳрида 181 хонадонга мўлжалланган 2 та кўп қаватли замонавий уйлар қурилиб эгаларига топширилди. Ҳилола аслида табиатан тиниб-тинчимас, изланувчан, ташаббускор эканлиги боис чиройли иншоотлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номли она тили ва адабиёт фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган  мактаб-интернат биноси мазкур корхона томонидан барпо қилинган. Замонавий архитектура миллийлик уйғунлашган ҳолда яратилган таълим-тарбия маскани у ерга ташриф буюрган кишининг кўзини қувонтиради.

Мирзаобод туманидаги тўрт қаватли, 330 ўринга мўлжалланган Аҳмад Ал-Фарғоний номидаги таянч мактаби ҳам аҳил меҳнат жамоаси томонидан бунёд этилган. Физика фанига ихтисослаштирилган ушбу инновацион мактабдаги ўқув хоналари, хорижий тиллар, ахборот технологиялари хонаси, кимё, биология ва физика лабораториялари хоналари, 1 та очиқ спорт майдони ҳамда замонавий кутубхона талаб даражасидаги таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишга хизмат  қилмоқда.

“Янги Ўзбекистон” маҳалласидаги 100 ўринга мўлжалланган икки қаватли “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти биноси ҳам жажжи болажонларга муносиб туҳфа бўлган эди. “Сардоба” сув омборида юз берган табиий офат ва тошқин оқибатларини бартараф этишда кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 24 та хонадонга мўлжаллаб қурилган 4 қаватли уй ҳам жабрланганларни беҳад мамнун этди. Гулистон шаҳридаги тўрт қаватли  “Саховат”  савдо маркази бугунги кунда вилоят марказидаги энг замонавий иншоотлардан бири бўлиб қолди. 2021 йилда фойдаланишга топширилган энг йирик савдо мажмуасида айни пайтда кўплаб тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Шуниси қувончлики, ишчиларнинг асосий қисми “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”  рўйхатига киритилган хотин-қизлардан иборат.

Ўзининг ҳаракатчанлиги ва устози – падари бузруквори, “Дўстлик” ордени соҳиби, тажрибали қурувчи Илҳомжон Каримовнинг панд-ўгитларига амал қилгани боис Ҳилола 2022 йилда Президентимиз томонидан таъсис этилган “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ҳамда “Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган.

Ўз элининг серғайрат қизи Ҳилола 2022 йил 7 сентябрь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган эди. Фарзандининг қўлга киритаётган ютуқларидан мамнун бўлаётган Илҳомжон Каримов ўзининг қимматли маслаҳатларини аямайди. Янги-янги режалар билан иш олиб бораётган  ҳамиша тиришқоқ, малакали мутахассис, талабчан раҳбар, саховатпеша тадбиркор Ҳ. Обидова отасининг чинакам шогирди.

–Отам Сирдарё вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган илк заводни очган ишбилармон киши ҳисобланади, – дейди Ҳилола. –Ёшлик чоғларимданоқ катта қизиқиш билан отамнинг ёнида юриб, амалга ошираётган ишларини кузатиб келардим. Фидойилик, ҳаракатчанлик менга қондан ўтган десам, муболаға бўлмайди.  Келгусида қурилиш соҳасида ҳам аёллар ажойиб натижаларга эришиши мумкинлигини исботлаш, мамлакатимиз аҳолиси учун жаҳон стандартларига мос замонавий иншоотларни барпо этиш менинг эзгу мақсадимдир. Ҳозирги кунда менга ҳавас қилиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган издошларим 30 нафарга етди. Улар ҳам астойдил изланиб, интилиб, яхшигина ютуқларга эришмоқда.

Орзулари бир олам ёш тадбиркор қизнинг меҳнатлари ўз юртида йилдан-йил қадр топмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 6 мартдаги «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги» қарорига мувофиқ, Обидова Ҳилола Илҳомжон қизи Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири