Сирдарёда пиллачилик кластерлари ташкил этилади

          Президент раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда пиллачилик ва жунчилик салоҳиятидан янада кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан Тошкент вилоятида 15 минг гектар, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида 10 минг гектардан, Қорақалпоғистонда, Андижон, Наманган, Навоий, Сирдарё, Фарғона вилоятларида 5 минг гектардан аҳоли яшаш жойларига яқин лалми ва яйлов майдонни ўзлаштириб, пилла кластерларини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди. Бу ерлар Вьетнам тажрибаси асосида аҳолига 1-2 гектардан ҳам тут, ҳам озиқ-овқат экиш учун берилади.

Шунингдек, Олтинсой, Шўрчи, Конимех, Нурота, Муборак, Ғузор, Каттақўрғон, Нуробод, Фориш, Тупроққалъа туманларида аҳоли яшаш жойларига яқин 10 минг гектардан лалми ва яйлов майдонда жун кластерларини ташкил қилиш топширилди.