Оиланинг бахтли бўлиши учун асосий нарса ишонч ва садоқатдир. Садоқат бўлмаган жойда бахт бўлмайди. Турмуш ўртоғини алдаш ҳам ажрашишларнинг  сабабларидан бири.

Бевафолик турмуш ўртоғигагина эмас,  фарзандларга ҳам салбий таъсир қилади. Қариндош-уруғ, қуда –андалар ҳам бундан бенасиб қолмайди.

Бевафонинг ишидан барака, рўзғоридан ҳузур кетади. Хиёнаткор жуда кўп нарсалардан жудо бўлади. Турмуш ўртоғидан, болаларидан, тинчидан, ҳурматидан, балки ишидан…

Бир йигит оиласига хиёнат қилди. Буни сезиб қолган аёли эрининг хиёнатини кечира олмай уйига кетиб қолди.

-Оилам барбод бўлди. Ишларим ҳам юришмай қолди. Хотиним мени кечиришни истамаяпти. Кайфиятим йўқ, қўлим ишга бормаяпти. Нима қилишни билмайман,- деди у.

Энди иккинчи воқеани олайлик.

Навбатдаги суҳбатдошимизнинг айтишича эри уйга кеч келади. Уйга, болаларига, унга бефарқ. Аёл эрининг эътиборини ўзига қаратиш учун  эри ишдан келгач телефонда узоқ гаплашадиган бўлди. Бу ҳол такрорланавергач эри  ҳеч қандай изоҳ сўрамай ажрашиш учун  судга ариза берди. Энди аёл “Нима қилиб қўйдим?”, деб пушаймонда.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам натижа эса кўриб турганингиздек, сўнгги пушаймон, ўзингга душман. Пушаймон қилмаслик эса ўзимизнинг қўлимизда.

 

Муҳабат ОТАХОНОВА,

Сирдарё туман бош отинойиси.