Оқолтинлик Зоҳида Юнусалиева, ҳомиладорлигининг 30 ҳафтасида юқори қон босими, қориндаги оғриқ сабаб  вилоят перенатал марказига ётқизилди.

Марказ мутахассислари томонидан  зарур тиббий текширувлар ўтказилди. Текширувлар натижасига кўра  она ва бола ҳаёти хавф остида эканлиги аниқланди.

Тезкор чора, кўрсатилган тиббий ёрдам сабаб ҳам онани, ҳам боланинг ҳаёти асраб қолинди. Аёлда кесарча кесиш йўли билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ушбу амалиёт марказ акушер гинекологлари Руқия Акмурзаева, Юлдуз Укибаева, навбатчи доя Шоира Тойлоқова, неонтолог шифокор Раъно Азизовалар томонидан муваффақиятли бажарилди.

-Ҳозир анча яхшиман,—дейди оқолтинлик Зоҳида.—Оғир бир аҳволда келгандим. Барчаси учун. Чақалоғим, яъни қизим ҳомиладорлигимнинг 30-ҳафтасида туғилди. Вазни 1.675 килограмм. Унга яхши ният билан Солиҳа деб исм қўйдик. Ҳозир у чақалоқлар реанимация бўлимида. Шифокорлар таъкидлагандек, она сути билан озиқлантирилиб, “Кенгуру” методи орқали парваришланяпти. Бундан ташқари шарт-шароитлар яхши, муолажалар бепул. Шифокору, ҳамширалар ҳол — аҳволимни сўраб, менга катта далда бўлишди.

-Ўтган 2022 йилда Сирдарё вилоят перинатал марказидаги туғруқлар сони 6202 тани ташкил этган бўлса, шундан 468 нафар чақалоқ кам вазнли, муддатидан олдин туғилди,—дейди вилоят перинатал марказ директори Ханифа Зокирова. — Муҳими, тиббиёт ходимларимизнинг олиб бораётган саъйи ҳаракат, самарали меҳнати сабаб оналарни, қолаверса кам вазнли, муддатидан аввал туғилган чақалоқлар ҳаёти асраб қолинди.

Дилфуза ЖАРБЕКОВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари