Мен  оилалар  билан  ишлаш  жараёнида бир нарсага амин бўлдим.

Қайси  хонадонда  янги тушган  келинни шу хонадон  соҳиб  ва  соҳибалари  ўз  қизидай  кўрар  экан,  албатта  ўша  хонадонда  тинчлик, хотиржамлик ҳукумрон  бўларкан. Қайнона  келиннинг айрим камчиликларини кечириши, ўз  қолипига  солгунча айрим ноўрин  ишларига  кўз  юмиб, келинга  яхши назар билан қараб  “Сизни  берган  Оллоҳга шукур”, “Шундай  қиз  ўстирган  ота-  онанггизга  раҳмат”, деган сўзлар билан кўнгини кўтариб турса. Яхшисини ошириб, ёмонини яширса… Бу рағбат билан қайнона келиннинг кўнглини кўтариб ўз хонадонига боғлаб олади. Ҳар замонда келинни ўғлига мақтаб туриши ҳам кони фойда.

Ҳа, биз, сиз онасиз, онамиз азамат ўғилни ўстирган, ҳаётнинг яхши –ёмонини кўрган. Қизларингиз меҳмон бўлиб келса,   келиннинг олдида “Қизим,  келинойингдан  ўрнак ол. Барака  топсин,  менинг қўл-оёғим, дардкашим”, деб кўнгил  учун  мақтаб  қўйинг. Бу  ишлар  сиз  қайнона  учун  қанчалик оғир  бўлса  ҳам ўғлингизнинг  бахти учун  сиз бунга қодирсиз. Бу ишни жуда чиройли қилиб уддалайсиз. Фақат бунга сизда хоҳиш бўлса бас.

Орадан  бир  — икки йил ўтиб   келиннинг ишончини мустахкамлаб  олганингиздан  кейин,  албатта  бир  гўзал оила,  ишончли келин,  яхши  рафиқа,  сизга  жонкуяр  қиз, бир этак невараларингизнинг онаси,  яъни кўз олдингизда сизнинг сабру тоқатингиз  маҳсули намоён бўлади. Ана шунда “Қайнона она бўлолмайдими?” деган саволга ўрин қолмайди.

Мавлуда ТЎРАЖОНОВА,

Сирдарё тумани отинойиси.