Бахт шаҳрида божхона ходимлари томонидан тадбиркорлар учун  сайёр учрашув ташкил этилди.

     Мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда божхона ходимлари ҳам ўзларининг зиммаларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқдалар.

      Вилоят божхона бошқармаси, Сирдарё тумани Инвестиция, саноат ва савдо бўлими, Савдо-саноат палатаси Сирдарё тумани бўлими  ҳамда  Бахт шаҳрида жойлашган “Baxtteks-Farm” МЧЖнинг мутасадди раҳбарлари иштирокида тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказилди.

            Мазкур учрашувда, масъул ходимлар томонидан иштирокчиларга божхона соҳасига оид янгиликлар, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ҳамда  “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонлари  хусусида батафсил тушунча берилди. Шунингдек, тадбиркорлар мазкур фармонлар асосида  тадбиркорлик субъектларига берилган енгилликлар ҳамда божхона соҳасини рақамлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш борасида эришилаётган натижалар бўйича берган саволларига  ҳам батафсил жавоб олишди.

         Бундан ташқари мазкур йилнинг  1 июнидан бошлаб амалга ошириладиган “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида иштирок этадиган тадбиркорларга божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлаш, шунингдек, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга божхона расмийлаштируви пайтида “яшил йўлак” тартиби қўлланилиши ҳақида сўз юритилди.

      “Baxtteks-Farm” томонидан   жорий йилнинг ўтган ойларида  803 тонна, қиймати 2,5 миллион  АҚШ долларига тенг бўлган пахта целлюлозаси ва тиббиёт буюмлари экспорт қилинган.

     Учрашув якунида тадбир қатнашчилари корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди.

                        Вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати.