Олим Хўжаев номли вилоят драма театрида 8-Март –Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир ана шундай номланди.

         Тадбирга вилоятда яшаб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилган, ҳозирги кунда оиласи бағрида пенсия гаштини сураётган мўътабар онахонлар, шу кунларда турли соҳаларда жавлон уриб меҳнат қилаётган, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган опа-сингилларимиз таклиф этилдилар. Шуни ҳам эътироф этиш жоизки, тадбирда қатнашган драма театр биноси ҳеч қачон бундай жозибани кўрмаган, ҳеч қачон бундай шодон кулгулар ҳамда олқишларга кўмилмаган

Тадбир аввалида байрам қатнашчиларини вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов табриклаб, ўз сўзида юртбошимизнинг аёл-қизларимиз ватанимиз ривожига қўшаётган ҳиссаларига доимо юқори баҳо беришларини, аёлни эъзозлаш ўзбек халқи менталитетининг асосий хислатларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова ҳам тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлаб, ўзининг энг эзгу тилакларини билдирди.

Тадбирда шаҳар-туманлардан ташриф буюрган 20 нафар меҳнат фахрийларига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Уларнинг орасида кўп йиллар вилоят ҳокимлигида фаолият юритган Солия Давлатова, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимидан пенсияга чиққан Тўхтахон Назарова, Нурой Жўраева, Ижобат Ходиёровалар, кўп йиллар вилоят давлат архив бошқармасини бошқарган Ҳожар Жамоловалар ҳам бор бўлиб, бу аёлларнинг ҳар бири вилоят тарихида ўзига хос учмас из қолдирган.

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг иштирокчилар эътиборига вилоятимизнинг кўзга кўринган хонандалари – Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Камола Пардаева, “Ниҳол” мукофоти совриндори Умида Ҳамидова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов билан бир қаторда пойтахтдан ташриф буюрган, эл ардоғидаги хонандалар – Гулсанам Мамазоитова, Зулайҳо Бойхонова, Алишер Файз, “Ҳандалак” гуруҳи аъзолари – Ортиқ Султонов ҳамда Зокиржон Очилдиевлар иштирокидаги байрам концерти намойиш этилди.

-Мен бутун умримнинг деярли 50 йилини вилоятимизнинг аҳолиси хизматига бағишладим, — дейди меҳнат фахрийси Ҳожар Жамолова. – Бугунги кундагидек эъзоз-эътиборни илгари кўрмаганман. Муҳтарам юртбошимиз юртимиз аёлларини бирини онам, бирини опам, бирини синглим деб эъзозлайдилар. Ҳар бир маърузаларида аёлларнинг жамиятдаги ўрнига алоҳида тўхталадилар. Жойлардаги раҳбарлар ҳам юртбошимиздан ўрнак олиб, байрамлар, қутлуғ кунларда албатта биз, кексалардан хабар оладилар, мана бундай совғалар бериб, ҳурмат-иззат қиладилар. Бундан ортиқ бахт борми ўзбек аёли учун?

Концерт давомида хотин-қизлар шўх-шандон рақсга тушдилар, яйраб-яшнадилар.Бундай байрам тадбирлари вилоятимизнинг ҳар бир туман-шаҳарлари марказларида ҳам ташкил этилиб, унга пахтакору пиллакор, фермеру тадбиркор, ўқитувчию шифокор, хуллас, ҳамма-ҳамма соҳада эркаклар билан бирдек, улардан қолишмай иш юритаётган фаол аёлларимиз таклиф этилдилар, ҳар бирига шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова. – Хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбирлар ҳали давом этади, улар давомида аёлларнинг кўҳна шаҳарларга ташрифи ташкил этилади. Байрам байрамга уланиб, Наврўз байрамини ҳам ана шундай кўтаринки кайфиятда кутиб оламиз.

 

 

Гузаля Русланова.