Сизнингча, адолатли судья бўлиш учун нималар қилиш керак?

“Судья ва ёшлар” учрашувида вилоят судининг раисига берилган ушбу  савол бугун кенг жамоатчиликни ҳам қизиқтириши табиий.

Лекин унинг жавобини савол муаллифига беришда суд раиси расмий тушунча ва қоидалардан эмас, балки, бугун ҳар бир судьянинг фаолиятига дастуриламал  бўлган шиордан фойдаланди.

Яъни cудьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши керак , шундагина у адолатли қарор қабул қилади.

Хабарингиз бор 21-27 февраль кунлари мамлакатимизда бўлгани сингари  вилоятда ҳам “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги деб эълон қилинди. Мазкур ҳуқуқий тадбир Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, ҳафталик доирасида барча маҳаллаларда “Судья ва ёшлар” тарғибот учрашувлари, таълим муассасаларида эса “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маърифат ҳамда ахборот соатлари ўтказилиши режалаштирилган эди. Бугун мазкур ҳафталикнинг илк тадбирлари вилоятдаги таълим муассасаларида бўлиб ўтди.

Унда Сирдарё вилоят судининг раиси Азамжон Худойбердиев, вилоят маъмурий судининг раиси Абдухалим Ахмедов, вилоят Адлия бошқармасининг бошлиғи Салоҳиддин Сатторов ҳамда вилоят судининг судьяси Элёр Соибназаровлар иштирок этиб, дастлабки манзил Гулистон Давлат Университети бўлди. Расмий маърузалардан холи, талабалар даврасида эркин мулоқот шаклида ташкилланган тадбирда  “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзуси асос қилиб олинди.

Яъни ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш йўналишларида таклифлар муҳокамаларга мавзу бўлди.

Инсон қадри унинг ҳақ-ҳуқуқларининг нечоғлик ҳимоя қилинишига ҳам боғлиқ эканлигини ўзида ифодалаган мулоқотлар вилоятда ягона бўлган Халима Худойбердиева номидаги ижод мактабида давом этди.

Гарчи мактабнинг дарс жадвалида ҳуқуқ асослари фани бўлмасада, бугунги кунда “Ёш ҳуқуқшунослар” тўгараги фаолият олиб бораётганлиги ижод мактабида ҳуқуқий билим ва маданиятни шакллантиришда ўзига хос тизим ишлаётгани очиқланди.

Чунки мазкур тадбирда иштирок этган тўгарак аъзоларининг вилоят суди ва маъмурий судининг раисларига берган саволларида буни яққол кўриш мумкин эди. Инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотлардан ташқари одил судлов ва суд тизими, судьялар фаолиятига оид қизиқарли саволларнинг муаллифи бўлган ўқувчилар вилоятдаги суд биноларига саёҳат уюштириш таклифини ҳам беришди. Вилоят судининг раиси томонидан ушбу таклиф қўллаб-қувватланиб, вилоят суди ва ижод мактабининг келгусидаги ҳамкорлик тадбирлари ҳам келишиб олинди.

Бугундан бошланган “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги барча туман, шаҳар ва туманлараро судларининг судьялари иштирокида вилоят миқёсида давом этади.

Вилоят судининг Матбуот хизмати.