Улуғ донишмандлардан бири «… келажак ташвиши билан яшасанг, фарзандларингга яхши билим бер, ўқит», деган экан. Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақиқий маънода бир-икки йиллик ёки қисқа даврда самарага эришишга қаратилган иш эмас. Балки чин маънода бир неча юз йилларга татийдиган ўзгариш бўлди, десак хато бўлмайди.

Маълумки, таълимда илғор педагогик ва янги ахборот технологияларини татбиқ этиш ўқув машғулотларининг самарадорлигини оширибгина қолмай,  мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, ҳар томонлама баркамол, юксак маънавиятли шахсни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда таълим жараёнида интерфаол методлар ва ахборот технологияларини ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда.  Анъанавий таълимда ўқувчилар фақат тайёр билимларни эгаллашга ўргатилган бўлса, замонавий технологиялардан фойдаланиш эса уларнинг эгаллаётган билимларини ўзлари қидириб топиш, мустақил ўрганиш ва фикрлаш, таҳлил қилиш, ҳатто якуний хулосаларни ҳам ўзлари келтириб чиқаришга ўргатади. Ўқитувчи бу жараёнда шахс ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратади ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик функциясини аъло даражада бажариши лозим.  Бугунги кунда таълимда «Ақлий ҳужум», «Фикрлар ҳужуми», «Тармоқлар» методи,  «Баҳс-мунозара», «Ролли ўйин», «Кичик гуруҳларда ишлаш»,  «Охирги сўзни мен айтай» каби бир қатор замонавий технологиялар қўлланмоқда. Бу албатта келгусида  ўз самарасини бермай қолмайди.

Дарс машғулотларида ўйин-топшириқларни такрорлаш ёки мустаҳкамлаш методларидан дарсларда фойдаланилса, албатта бу янада  ижобий натижа беради. Масалан “Ўйин-топшириқ”нинг қайси бир турини танлаш дарснинг турига, синф ўқувчиларининг ўйин-топшириқларни бажаришга ўргатилганлик даражаси, уларнинг билим савияси, мустақил ижодий ишлаш имкониятлари, ўрганганларини хотирада тез тиклай олиши, ижодкорликнинг қай даражада шаклланганига ҳам боғлиқ бўлиши керак. Таълимда ўқувчи шахсини мустақил фикрлайдиган, нутқ маданияти ривожланган саводхон шахсни камол топтириш асосий ўрин эгаллайди.

Бошланғич синфларда интерфаол методлар ва таълимий ўйинлардан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўқувчиларни мустақил фикрлашга, ижодий изланиш ва мантиқий фикрлаш доираларини кенгайтириш билан бирга уларни дарсларда ўрганганларини ҳаёт билан боғлашга, қизиқишларини оширишга ёрдам беради. Ўқитувчиларнинг бундай замонавий талаблар асосида яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, дарсларни илғор педагогик ҳамда ахборот коммуникация технологиялари асосида ташкил этиши таълим-тарбия жараёнининг сифатини кафолатлайди.

Чамангул Мавлонова,

Сирдарё туманидаги 30-умумтаълим                                         мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.