Ҳар йили об-ҳаво совиши билан  иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш ва лоқайдлик сабаб аҳоли хонадонларида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши, ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кўпаяди. Ачинарлиси, бунинг оқибатида инсонлар қурбон бўлади.

Ис гази нима, ундан қандай сақланиш мумкин.

Ис гази – ёнувчи модда ва материалларнинг (газ, ёғоч, кўмир кабилар) чала ёниши натижасида ҳосил бўладиган рангсиз ва ҳидсиз газ ҳамда заҳарли модда ҳисобланади.

Ис газининг ажралиши ностандарт ва носоз газ асбобларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланиш, талабга жавоб бермайдиган дудбўронларни ўрнатиш ёки уларни нотўғри ўрнатиш, мавжудларини ўз вақтида тозаламаслик, газнинг етарли миқдорда ҳаво билан аралашмаслиги кабилар туфайли содир бўлади.

Ис гази вужудга келиши сабабларига йўл қўймаслик ва ундан заҳарланмаслик учун бир қатор эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади:

газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш;

ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланмаслик;

иситиш печларининг дудбўронларини тоза ва соз ҳолатда бўлишини таъминлаш;

газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кирмаслик;

ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик;

ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланмаслик;

ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни очиқ ва ишчи ҳолатда бўлишини таъминлаш.

Хонадонларга ис газини аниқловчи қурилма ўрнатиш тавсия қилинади. Зеро, қурилмани сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари оила аъзолари, айниқса ёш болаларнинг ҳаётидан қимматга тушмаслиги аниқ.

Газ баллонларини иссиқлик манбаига яқин жойда қолдирмаслик лозим.

Агар бинода газ ҳиди сезилса, ойна ва эшикларни зудлик билан очиш, кўчага чиқиш зарур. Бундай ҳолатларда чироқ, олов ёқиш, электр ускуналарни ишга тушириш тақиқланади.

Баҳодир Абдумаликов,

«Hududgaz Sirdaryo» газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи.