Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман деганлар бошқаларга зиён етказмаслиги лозим. Айниқса, бу  инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлса.

Гулистон туманида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган шахс санитария қоида ва талабларига зид равишда автотаъмирлаш устахонаси очиб фаолият олиб борган. Мурожаатчи  тадбиркорнинг фаолияти унинг оиласи ва қўшниларининг соғлиғига жиддий зарар етказаётганлигини маълум қилиб, устахонада санитария нормаларини аниқлаш бўйича текшириш ўтказишни сўраган.

Тадбиркорга қарашли автотранспортларни таъмирлаш устахонасида “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари ҳамда санитария қоида ва талабларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган. Текширишда, тадбиркор Гулистон туманида аҳоли яшаши учун берилган хонадон ҳовлисидаги автогараж биноси (устахона)да автомобилларни таъмирлаш ва бўёқлаш ишлари билан шуғулланиши, устахона учун мўлжалланган бино бир хонадан иборат эканлиги аниқланган. Бўёқлаш ишлари асосан хонадон ҳовлисида олиб борилаётганлиги, бўёқ ҳиди ҳамда  таъмирлаш жараёнидаги шовқинлар атрофда яшовчи хонадон эгалари тинчини бузиб, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётганлиги каби ҳолатлар  юзасидан далолатнома расмийлаштирилган. Тадбиркорга  қарашли автотранспортларни таъмирлаш  устахонаси фаолияти 10 кун муддатгача тўхтатиб қўйиш тўғрисида  қарор қабул қилинган. Аммо, тадиркор ўз фаолиятини давом эттирганлиги боис аризачи судга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Амалдаги қонунлар, санитар меъёр ва қоидалари талабларидан келиб чиқиб суд, тадбиркор томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва санитар меъёр ва қоидалари талаблари бузилган деб ҳисоблаб, аризачининг аризасини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилган.

Таъкидлаш жоизки, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун талабларига риоя этмаслик тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга олиб келади! Буни унутмаслигимиз керак.

Беҳзод Маҳмудов,

Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси.