Хотин-қизлар қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланишлар бўлади.

Шарқда азалдан аёлга эҳтиром кўрсатиш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш эр йигитнинг бурчи, жамиятнинг вазифаси ҳисобланган. Ҳаттоки, миллий қадрият сифатида ҳам амал қилинган. Асрлар ошса-да,  долзарблигини йўқотмай келаётган бу анъанага афсуски, аёлга зўрлик ишлатиш, ҳақ-ҳуқуқини камситиш каби иллатлар ҳам ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.  Бундай вазиятларнинг олдини олишда миллий қонунчилигимизда ҳам қатор мезонлар ва керак бўлса жазо турлари ҳам жорий этилгани жамиятимизда аёлларга бўлган эътиборнинг биргина ифодаси, десак муболаға бўлмайди. Лекин, шунга қарамай, маълум бир қатлам орасида ёки сабаблар билан жамиятимизда аёлга зўрлик ишлатишнинг қонуний чораларини билиб турса-да, тазйиқда давом этиш холатлари ҳам учрамоқда. Биргина Сирдарё вилоятидаги жиноят ишлари бўйича судлар томонидан мазкур турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ишларига тегишли тартибда жазо турлари тайинланган. Келинг, фикрларимизни ўтган йилдаги статистик таҳлиллар билан давом эттирайлик.

Аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг статистикасини таҳлил қилганимизда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан ўтган 2022 йилда 18-30 ёшдаги аёлларга нисбатан содир этилган 1.269 нафар шахсга нисбатан 955 та ҳуқуқбузарликлар мазмунан кўриб чиқилган. Жабрланган хотин-қизлар сони эса 971 нафарни ташкил қилган.

Маъмурий жазо қўлланилган ишлар таҳлилига тўхталсак, Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан 2022 йилда 612 нафар шахсга нисбатан 518 та аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузаликлар тўғрисида кўриб тамомланган ишлардан 211 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 422 нафар шахсга эса жарима тарзидаги маъмурий жазо қўлланилган.

… Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчилик юзасидан келиб чиққан жанжал натижасида аёлининг ҳомиладор эканлигини билгани ҳолда қасддан унинг елкасига уриб, йиқитиб, танасининг турли жойларига тепиб, тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи аёл олган тан жароҳатлари билан Сирдарё шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Афсуски, олган тан жароҳатлари оқибатида аёлнинг 20 ҳафталик ҳомиласининг тушиши билан боғлиқ холат юз берган. Қилмиши туфайли унга Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 2-қисми “а” бандига асосан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судлар томонидан ўтган 2022 йил давомида аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ кўрилган маъмурий ҳуқуқбузаликларнинг турлари ҳам мавжуд:

417 нафар шахсга нисбатан 319 та иш МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш);

276 нафар шахсга нисбатан 231 та иш МЖтК 52-моддасининг 2-қисми (енгил тан жароҳати етказиш) билан малакаланган ҳолда кўрилган.

Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан 2022 йилда мазмунан кўрилиб маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг жабрланувчига алоқаси таҳлил қилинганда, асосан турмуш ўртоғи, қайнотаси, қайниука ёки қайнопаси, овсини, фарзанди, ота ёки онаси, опа ёки укаси ёки бошқа қариндошлари томонидан содир қилингани маълум бўлди.

2022 йил давомида аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ содир қилинган ҳуқуқбузаликларнинг келиб чиқишига оиладаги келишмовчиликлар, оиладаги мулкий низо, доимий руҳий ва жисмоний тазйиқ, рашк, туҳмат ва ҳақорат, тарбия  масаласида юзага келган низолар сабаб бўлган.

Юқоридаги ҳолатларни таҳлил қила туриб, зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир қилинишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни айтиб ўтиш ҳам ўринли, назаримизда. Аниқроғи, оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида:

— маҳаллалардаги нотинч оилаларни аниқлаш ва улар билан ишлаш борасидаги фаолиятни тўғри йўлга қўйиш;

— оиладаги мулкий низолар масаласида фуқаролик судларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлигини ва низони суд орқали тинч йўл билан ҳал қилиш мумкинлиги ҳақидаги тушунтириш ишларини тарғиб қилиш;

— қайнона, қайнота ва келин ўртасидаги муносабатларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида янги келин тушган оилалар билан ҳар чоракда бир марта суҳбатлар ўтказиб туриш;

— қайнопа, қайнсингил, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар аниқланган тақдирда зудлик билан маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қилиш;

— бу тоифадаги ишларни доимий равишда таҳлил қилиш, уларнинг асл сабабларини ўрганиш, эр-хотин, қайнона, қайнота, қайнопа, қайнсингил ва бошқалар орасида жанжал чиқарувчи ва бунга мойил бўлган ҳамда ғайриижтимоий хулқ-атворга эга бўлган шахслар билан ишлаш бўйича маҳаллалар кесимида аниқ ҳамда мақсадли чора-тадбирлар белгилаш;

— маҳаллалардаги оила ва хотин қизларни ижтимоий, маънавий ва марифий масалалари бўйича раис ўринбосарининг ролини ва жавобгарлигини ошириш;

— вояга етмаган фарзандлари бор, кўп болали, аёллар дафтаридаги ва кам таъминланган оилалар дафтаридаги шахслар билан тез-тез суҳбатлар ўтказиб туриш;

— оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ўтказиб, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини муҳокама қилиб бориш, оммавий ахборот воситаларида профилактик тадбирларни кўпайтириш;

— бу тоифадаги ишларни сайёр суд мажлисларида, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиш;

— бу тоифадаги ҳуқуқбузарликни содир қилган шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш;

— судлар томонидан бу каби ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан маҳаллаларга тақдимномалар киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этишини таъминлаш талаб этилади.

Зеро, хотин-қизлар қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланишлар бўлади.

Бобошер Қурбонов,

Сирдарё вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати раиси.