.                            

“Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили фуқароларни нафақат суддан адолат излаши, балки, судда адолат борлигига ишониши учун ҳам асос бўлиб хизмат қилиши аниқ

Суд мажлисига жарблануви ҳам судланувчи ҳам умид билан келади. Жиноятга яраша жазони тайинлаш эса судьянинг зиммасида. Айни пайтда одил судловга фақатгина тарафлар тортишуви принципи орқалигина эришиш мумкинлиги давлат раҳбари томонидан бот-бот тилга олинмоқда.  Бунда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бир хилда тенг бўлиши зарурлиги, улар ўз даъволари ва эътирозларини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этишда тенг имкониятларга эга бўлиши, суд эса холис ҳакам вазифасини бажариб, процессга аралашуви чекланган бўлиши кераклиги талаб этилади. Бу эса  суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашда асосий мезондир. Демак, бу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш биринчи навбатда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига улкан масъулият ва муҳим вазифаларни юклайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Президент фармонларига мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилади.

Одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилади.

Айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 июлга қадар янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликлари самарали тақсимланиши таъминланади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишлари учун суд биноларида алоҳида хизмат хоналари ажратилади ва мазкур хоналар жиҳозланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур фармонларда кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка хизмат қилади. Зеро, “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили фуқароларни нафақат суддан адолат излаши балки, судда адолат борлигига ишониши учун ҳам асос бўлиб хизмат қилиши аниқ.

 

Шаҳноза Мухаммадқулова,

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси.