Сардобалик  Дилфуза Абдусатторова-

 Ҳаёт шиори: Фақат кишиларга яхшилик қилиш.

 Иқрор бўлган ақидаси: Инсонни меҳнат улуғлайди.

 Севган машғулоти: Отда чопиш, рақс тушиш.

Дўстлари ҳақида: ҳақиқийлари сараланиб бўлган.

  Фарзандларидан кутгани: Одамийлик шиорлари бўлса.

Орзулари:   Осмонча бор.

Армонлари: Улар ҳам бисёр.

Дилфуза  катта оилада улғайган. Оиладаги ўн бир  фарзанднинг барчаси олий маълумотли. Уларнинг ярми Жиззахда, яримлари Тошкентда яшашади. Беш нафар опа синглиси  шифокор. Опа-сингиллари йиғилиб қолди дегунларича Дилфузани қистовга олишаверишади: Тошкентга кўчиб кел, қачонгача чўлларда этик кийиб, жонинг қийноқда юрасан…

У эса кулиб жавоб қилади: Мен шунча орзу — армонларим билан шаҳарларга сиғмайман, ўша кенг далаларим олади барча юрак тафтимни…

Дилфуза  1986 йили Тошкент Политехника  институтини тугаллаган.  Дастлаб Ғаллаорол туманидаги  7-сон қурилиш пудратчи ташкилотида муҳандис бўлиб иш бошлаган. Отаси Отабек бобо ва ҳамкасбларининг ёрдами билан қурувчиликнинг сир асрорларини ўргана бошлади. Лекин тақдир уни янги-янги туҳфалар билан сийлаб турган экан. Жиззах шаҳрига турмушга чиқиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг техника бўлимида муҳандис бўлиб фаолиятини давом эттирди. Турмуш ўртоғи  Сардоба туманига кўчиб келишни ихтиёр қилди. Ўз-ўзидан Дилфуза яна иш жойини ўзгартирди. Тумандаги 6- ўрта мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Бу орада фарзандлари  Сардорбек, Дилобар ва Шоҳруҳлар туғилишди. Ёш  ва бахтли оиланинг ҳар бир они бахтларга тўлиқ эди. Лекин, ҳаёт Дилфузани жуда катта синовларга рўпара этиши ҳеч кимнинг хаёлига келмас, гўёки умр фақат осуда шукуҳли лаҳзалардан  иборатдай эди. Бир-бирига ўхшаган  ажойиб кунларнинг бирида турмуш ўртоғи Холмирза  транспорт ҳалокатига учради. Тўшакка михланиб қолган йигит  оғир операцияларни бошидан ўтказди. Дилфузага ўн йил бетоб ёрининг кўнглига қараб, ҳам рўзғор юкини  тортиш албатта осон кечгани йўқ.    Кейин айрилиқ. Фарзандлари айни ота меҳрига муҳтож даврида ундан  жудо бўлишди.

— Ўша пайтлари жуда қийналганман, гўё ҳаёт мен учун тугаётгандай, ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаган эди,-дейди Дилфуза.

— Отамнинг  каттагина кутубхонаси бор эди. Бир  ҳикматлар китоби қўлимга тушиб қолди. Ундаги «Фарзандлари бўла туриб, зериккан аёл нафратга лойиқдир» , «Ота ўтгач, унинг ўрнини боса олган аёлгина, ҳақиқий аёлдир», деган ҳикматли  гаплар миямга, бутун шууримга сингиб қолди. Кундан-кун кўз ёшларим тийилиб, дийдам қаттиқлашиб, болаларим учун «ота»га ҳам айланиб бордим.

2005-йилда у Сардоба туманининг энг чекка ҳудудларининг биридан 63 гектар ерни олиб, «Сеҳрли макон сайқали» фермер хўжалигини ташкил этди. Ернинг мелиоратив ҳолати ва сув таъминоти оғир бўлган бу ҳудудда пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш осон эмас. Лекин, фермер Дилфуза бутун меҳрини, куч-ғайратини далаларига бахшида қилди. Ернинг рангидан унинг ҳолини биладиган, кузда қушларнинг учишидан — баҳорнинг қандай келишини чамалайдиган деҳқонга айланди. Атрофдаги жафокаш инсонлар — хўжалик аъзолари билан биргаликда ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб, тупроқ унумдорлиги яхшилашди.  Ернинг шўрини икки мартагача ювиб, чигитни пуштага экиб, илғор технология ва усуллар асосида парваришлаб, ҳар гектар ердан ҳосилдорликни 10-14 центнерга оширишди.

Шу боисдан бўлса керак, 2010-12 йилларда давлатга пахта сотиш режаси 112 фоизга, ҳосилдорлик 38 центнерга етказилди. Ғалладан ҳам юқори ҳосил етиштирилди. Шунга яраша даромад ҳам яхши бўлди.  Олинган соф фойда ҳисобидан битта «Магнум», битта МТЗ-1025 ҳайдов тракторлари сотиб олиниб, мавжуд техникалар сафи мустаҳкамланди. Хўжалик аъзолари ва тумандаги кам таъминланган оилаларга  46 тонна буғдой тарқатилди.

— Қўли очиқнинг-йўли очиқ,-  деганларидек Дилфуза туманимиздаги энг саховатпеша фермерларимиздан,-дейди туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси, туман ҳокимининг муовини Гулчеҳра Жумабекова. — Кейинги йилларда у ногиронларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, тиббиёт ва таълим муассасаларига 2 миллион 700 минг  сўмлик, тумандаги жомеъ масжидига 600 минг сўмлик, «Ғунча» болалар боғчасини таъмирлашга 500 минг сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатди. Шу билан бирга  олий ўқув юртларида ўқиётган уч нафар талабанинг шартнома пулларини фермер хўжалиги ҳисобидан тўлаб  берди.  Бу йилги даромадидан эса 7 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзанд-ларининг суннат тўйларини ўтказиб, кўпчиликнинг дуосини олди.

Эндиликда фермер хўжалигининг 86 гектар ери бор.  Жорий йилда 50 гектар ердага ғалладан, 28 ердаги пахтадан юқори ҳосил етиштирилди. Хўжалик кўп тармоқли хўжаликка айлантирилган. Ундаги мавжуд қорамоллар сони 60 тадан, қўй ва эчкилар сони 120 бошдан ошди. Маълум гектарларга кунгабоқар, буғдойдан бўшаган ерларга қовун-тарвуз экилиб мўл ҳосил олинди. Янги 15 та иш ўринлари яратилиб, 15 нафар коллеж битирувчилари иш билан таъминланди.

-Фарзандларимдан хурсандман,-дейди қаҳрамонимиз. — Ўғлим Сардорбек  Тошкент давлат  молия институтини, қизим Дилобар Жиззах давлат политехника институтини грант асосида тугатишди. Қаранг, ўғлим Тошкентда ўқиб юриб, хоразмлик бир қизни севиб қолди. Раъйига қарши бормадим.  Қўшиқларда айтилгандек, хоразмча   қалинлар бериб, келинни тушириб келдик. Бир ажойиб яшашяпти. Ўғлим ҳар замонда «Хоразмлик қизларни  доим «қўйсанғиза» дегизгим келар» деб ҳазиллашса, келиним «Қўйсанғиза» деб, кулиб қўяди. Уларнинг бахтиёрлиги менинг бахтимда!  Икки яшар набирам бор. Исмини онамнинг хотирасига Ҳурматой деб атаганман. Пиру-бадавлат, доно ва меҳрибон онажоним бор эдилар. Мени бирам авайлардилар, ёлғиз ўзини турмуш ташвишлари эзиб қўймасин, шунинг ҳолидан тез-тез хабар олинглар, деб  акаларим, опа-сингилларимга тайинлагани-тайинлаган эди. Улар ўтгандан сўнг ҳамма фарзандлар қиз набира кўрсак, исмини онамнинг исми билан атаймиз, деб ният қилишган экан. Қиз набира биринчи бўлиб менга насиб қилди. Армонларим айтсам адо бўлмайди… Болаларим моддий жиҳатдан зарра қийналишмасада, кўнгиллари барибир ўксикдай. Айниқса, тўйларда, яхши кунларда оталарининг ўрни жуда билинади. Бир кўзлик билан фарзанд ўстириш ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Дилфуза бу йил «Тадбиркор аёл» уюшмаси туман бўлими раиси бўлиб сайланди. Энди унинг зиммасида тумандаги аёлларни тадбиркорликка ўргатиш, худди ўзи сингари мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришдек улкан вазифа бор.

У вилоят ва республика миқиёсидаги фермер ва тадбиркорлар ўртасидаги жуда кўп танловларда қатнашиб, ғолиб бўлган.

Яқинда ўтказилган  «Йил аёли» миллий танловининг вилоят босқичида Дилфузанинг иш фаолияти  ва интилишлари, фаоллиги юксак даражада баҳоланиб, олий ўринга муносиб деб топилди. Энди у кўрик-танловнинг республика босқичида вилоятимиз аёлларининг шарафини ҳимоя қилади.

Ўйлаймизки, бу босқичда ҳам у ўзини кўрсата олади. Чунки шу давргача қилган меҳнатлари, эришган ютуқлари  албатта  «Йил аёли» миллий танловининг республика босқичида ҳам эътироф этилишига шубҳа йўқ. Унга бу жиддий синовларда ҳам зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Дилором Исмадиёрова.