Бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жойларда тез ва сифатли тиббий хизматларни жорий этиш орқали халқ эҳтиёжларини қондириш давлатимизнинг  алоҳида эътибор қаратиб келаётган йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан ўтган қисқа вақт ичида соҳага оид 50 дан ортиқ қарор ва фармонлар эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш мақсадида давлат активларини сотиш борасидаги қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги 3297-сонли ҳамда 2017 йил 29 декабр “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги 3450–сонли қарорлари ҳамда яқинда қабул қилинган “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши ҳам соҳада амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларни ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш вазифаларини белгилаб беради.

Шу мақсадда 2018 йил 9 ноябрь санасида Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудини сифатли тез тиббий ёрдамлари ва хизматлари билан чуқур қамраб олиш, уларнинг моддий-техник базасини тубдан янгилаш борасида қилинаётган ишлар таҳлили ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб олишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказилиши ҳам бу соҳага жиддий эътибор берилаётганлигидан далолат беради.

Партиямизнинг бу борадаги ролини кучайтириш, ушбу соҳада амалга ошириши лозим бўлган вазифалар ва ишлаб чиққан лойиҳаларини ҳаётга кенгроқ  татбиқ этиш масаласига ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Хусусан, “Адолат”СДП Сирдарё вилояти Кенгашининг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойихаси доирасида масала 2018 йил 4 июн куни Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрои таъминланмоқда.Ушбу лойиҳа бўйича Мирзаобод, Боёвут, Оқолтин туманлари маҳаллий сессиялари кун тартибига киритилиб, депутатлик назорати ўрнатилганлиги, ҳудди шунингдек, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойихаси доирасида ҳам Халқ депутатлари Оқолтин туман кенгаши сессиясида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинганлигини партиянинг соҳага оид қилинаётган ишлари самарасини бераётганлигини билдиради.

Лойиҳа доирасидаги ўрганилишларда “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ва ҳокимлик идоралари билан ўтказилган йиғилишларда қўшма қарорлар ишлаб чиқилди. Ҳамда Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг соҳа ривожига қаратилган қонуни ижролари бўйича аниқ ҳаракатлар дастури белгиланди.

Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида  Сирдарё вилоятида бир қанча ижобий ўзгаришларнинг ҳаётга татбиқ этилаётганлигини ҳам аниқ келтирилган фактлар асосида кўрсатиб бериш мумкин. Айниқса, охирги икки йил ичида амалга оширилган ишлар кўлами олдинги йиллардагига нисбатан бир неча баробарга ошди. Буни тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтирилган 2010-2017-йилларда жами 95,0 млрд сўм маблағ ажратилганлиги, 2017-2018 йиллардаги қисқа муддат ичида эса 62,0 млрд сўмдан ортиқ маблағлар тиббиёт муассасаларига ажратилганлиги ҳам аниқ-равшан кўрсатади. Бу маблағлар асосида вилоятимизда замонавий тиббиёт муассасалари ташкил этилаётганлиги, жумладан, кордиология диспанцери тўлиқ қайта янгиланиб, реконструкция ишлари олиб борилаётганлиги, вилоят эндокринология маркази қурилиши лойиҳага киритилиб, келаси йил бошида фойдаланишга топширилиши режалаштирилганлигини мисол тариқасида айтиб ўтиш мумкин. Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг бугунги кундаги  аҳволи ҳам тегишлича ўрганилиши натижасида баъзи қишлоқ врачлик пунктлари тугатилиб, уларнинг ўрнида аҳолига яқин ҳудудларда жойлашган ҳамда тез ва самарали тиббий хизматлар кўрсатишга қаратилган поликлиникаларнинг ташкил этилганлигини ҳам қайд этиб ўтиш мумкин.

“Сирдарё” эркин иқтисодий зона дирекциясининг “Сирдарё-фарм” ҳудудида 7 та 70 млн. АҚШ долларлик лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳамда бунинг ҳисобига 361 нафар янги иш ўринлари ташкил этилганлиги ҳам соҳада амалга оширилган муҳим қадам бўлди. Бу каби ижобий самарага эришилаётган мисолларни яна кўплаб давом эттириш мумкин.

Бундан ташқари бугунги кунда вилоятимизда шифокор кадрларнинг етишмаслиги долзарб масалалардан бўлиб қолаётганлиги кадрлар масаласига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор бериш лозимлигини кўрсатади. Шу билан бир қаторда охирги йилларда тиббиёт соҳаси битирувчилари сони бирмунча ўсганлигини ҳам кузатиш мумкин.

Хусусан, 2017 йилда битирувчилар сони 42 нафарни ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич қариийб 2 бараварга ошиб, 91 нафарни ташкил этди. Шундай бўлсада, бу кўрсаткичлар вилоят миқёсидан келиб чиқиб оладиган бўлсак,  ҳали етарли даражада эмаслиги кадрларни кўпайтириш масаласига жиддий эътибор бериш зарурлигини кўрсатади.

Умуман олганда, вилоятимизда соғлиқни сақлаш тизимининг тубдан ислоҳ  қилиниши бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши борасида қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Бу йўналишда “Адолат”СДП Сирдарё вилояти Кенгашининг олдида ҳам соҳа ривожланишига ҳисса қўшиш учун истиқболли ишларни белгилаб олиш ва амалга ошириш вазифалари турибди. Шундан келиб чиқиб оладиган бўлсак, ҳали чекка-чекка ҳудудларга етиб бормаган, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳамда шу билан боғлиқ халқимизга ўз вақтида самарали тиббий хизматларни кўрсатиш ишларининг бугунги кун талабига жавоб берадиган даражадаги инфратузилмаларини ташкил этиш ишлари ўз ечимини кутмоқда деб, айтиш мумкин.

 

Арипжон Қудратов,

 Олий Мажлис Сенати аъзоси,

 вилоят Кенгаши депутати