Салат номини ўқиб, куз фаслидаги дарахтларни олтин тусга бурканган, гўзал бир манзара кўз олдингизда гавдаланган бўлса ажаб эмас. Бу салатимиз ниҳоятда хуш таъм бўлиб, ҳам салат ўрнида, ҳам бирон бир гўштли таом ва кабобларга гарнир ўрнида ҳам тортиқ қилишингиз мумкин.

Керакли маҳсулотлар: (2-3 порция учун)

1 донадан рангли булғори қалампир
1та бақлажон
1 та помидор
2 бўлак саримсоқ
1 ош қошиқ ўсимлик мойи
0,5 боғ кашнич ва таъбга кўра туз

Тайёрланиши:
Иложи борича булғор қалампирини пўсти қалинроғи танлаб олинади, саримсоқдан бошқа ҳамма сабзавотларни кабоб каби сихдан ўтказилади. Оловда ҳар томони қизартирилиб олинади. Қизартириш жараёнида агар булғор қалампири пишса, унда помидор билан бирга бир четга олиб қўйиб совутасиз, бақлажонни эса яна бироз пишиши ва юмшаши учун темир тандирга (духовкага) 5 дақиқага қўйилади. Сабзавотлар совугач, ҳар бирини усти тозаланади, булғор қалампирини ичи ҳам уруғидан тозаланади. Тозаланган сабзавотларни сомон шаклида кесиб, унга майда тўғралган саримсоқни ва кашнични тўғраб қўшиб аралаштирилади. Дастурхонга тортишдан олдин туз ва ёғ қуйиб аралаштириб, ликопчаларда тортилади.
Туз ва ёғини олдинроқ қўшиб аралаштириб қўйсангиз суви чиқиб кетиши мумкин.