Сирдарё туманида “Зайнаб опа…” , дея гап бошлангудек бўлса, дарҳол ёнингиздаги суҳбатдош Бувизайнаб Султонова ҳақида гап кетаётганини англаб етади. “Қайси Зайнаб опа?..”, дея савол беришга ҳам ҳожат қолмайди. Чунки бунга Бувизайнаб Қодирқуловна ўзининг кўп йиллик ҳалол, заҳматли, самарали ва фидокорона меҳнати туфайли эришган. Бундай эҳтиромга сазовор бўлиш эса осон ҳам эмас, ҳар кимга ҳам эмас…


Ўқитувчи. Мана шу оддийгина сўз замирида бир олам маъно мужассам. Ўқитувчи – зиё тарқатувчи, илм улашувчи, қалбларни ёритувчи мўътабар инсон. Ўқитувчилик касби азал-азалдан эътиборли, ҳурматли, эъзозли касб ҳисобланиб келган. Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида бизнинг юртимиздаги каби ўқитувчига эҳтиром, эътибор кўрсатилмайди. Бежизга мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1-Октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” деб эълон қилинмаган. Шундан буён бу кун мамлакатимизда катта байрам сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу куни ана шу касб соҳибларининг меҳнатлари қадр, рағбат топмоқда, эътироф этилмоқда.
Дарҳақиқат, жамиятнинг бугуни ва эртаси, унинг маданий- маърифий-маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада юксаклиги билан белгиланади. Таълим тизимидаги муваффақият айнан ана шу ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатларига боғлиқ эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Устоз, деганда ҳар биримизнинг қалбимизда чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари ва айни чоғда устозга нисбатан қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Кўнглингизда беихтиёр оламда онадек азиз, меҳрибон, отадек ғамхўр бу инсонлар учун янада эҳтиром кўрсатиш туйғулари уйғонади.
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани Қ.Султонов жамоа хўжалигида оддий деҳқон оиласида туғилиб ўсган Бувизайнабнинг онаси уй бекаси эди. Бувизайнаб оитладаги тўққиз нафар фарзанднинг бешинчиси эди. Эсини таниганидан илмга ошно бўлиб ўсган Бувизайнаб мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент давлат педагогика университетининг тил ва адабиёт факультетига ҳужжат топширди. Олийгоҳнинг учинчи курсида ўқиб юрган бўлғуси муаллима тақдир тақозоси билан Сирдарё туманига келин бўлиб тушди. Дастлабки иш фаолиятини ўзи ўқиган мактабда бошлаган Б.Қодирқуловна кейинчалик ишини Сирдарё туманидаги 3-мактабда давом эттирди.
-Ўшанда Ҳафиз Нишонбоев Сирдарё туман халқ таълими бўлимининг мудири эдилар,-деб хотирлайди Бувизайнаб опа.-Менга 5-синф ўқувчиларига дарс ўтиш топширилди. Дарс ўтиш баробарида менга билдирилганг ишонч туфайли куни узайтирилган гуруҳда ҳам тарбиячилик қила бошладим. Аста-секинлик билан тажрибам ортгани туфайли юқори синфларда ҳам она тили ва адабиёти фанидан дарс ўта бошладим. Қийналган кезларимда Ҳ.Нишонбоев ўзарининг йўл йўрқлари, маслаҳатларини, дарсни ўқувчиларга осон ва тушунарли қилиш методикасини ўргатиш борасида бор билим ва маҳоратларини менга ўргатиш учун вақтларини мендан аямадилар.Менинг шу даражага етишимда бевосита у кишининг ҳам ҳиссалари бор.
Шундан кейин Бувизайнаб опа узоқ йиллар мактабда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўрингбосари сифатида фаолият юритди. Кўп йиллардан буён опанинг шогирдлари туман, вилоят, республика миқёсидаги фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришиб келишмоқда.
1977 йилда меҳнаткаш, заҳматкаш ўқитувчининг меҳнатлари қадр топиб, опа “Халқ таълими аълочиси”, кейинги йилларда бир қатор кўкрак нишонлари билан таақдирланди.
Опа 1977 йилдан 2007 йилга қадар тумандаги 3-мактаб директори лавозимида ишлади. Бу даврда мактаб учун катта ишларни амалга оширди. Ҳомийлар ёрдамида таъмирталаб мактаб таъмирланди. Мактаб ҳовлиси, атрофи тартибга келтирилди. Гуллар, мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ободонлаштирилди. Бугунги кунда опа пенсияда бўлишларига қарамай ҳамон ўқувчилар орасида. 2006 йилдан буён мактабда илмий бўлим мудири вазифасида ишлаб таълим тарбия жараёнига ўзи нинг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айни пайтда нафақат туман, вилоят, балки республикамизнинг турли ҳудудларида Устоз Бувизайнаб опанинг шогирдларини учратиш мумкин.
Улар турли соҳаларда ибратли фаолият олиб бориш баробарида устозларини тез -тез ёдга олишмоқда.