Ҳадису шарифда, савоб ишни ҳар кун қилиш керак, савоб ишни ҳар ким қилиш керак, дея таъкидланган. Эҳтимол, ушбу муқаддас китобнинг яратилишида ва ундаги муқаддас каломларнинг битилишида бобокалонимиз Имом ал Бухорий ҳазратларининг табаррук қўлллари орқали бўлгани учун ҳам халқимиз савобпешаликни хуш кўрар. Балки шусабабдан ҳам миллату дини, масхабу эътиқоди, жинсию ирқидан қатъий назар, ҳар бир ўзбекистонлик одамларга яхшилик қилиш, меҳр-муруват кўрсатиш, хайр-эҳсон қилиш каби хислатлар Яратган томонидан қалб-қалбига, қон-қонига сингиб кетган бўлса ажаб эмас.

Худо нурга тўлгур падари бузрукворим – Абдуражаб ҳожибобо, “Кимгадир яхшилик, хайр эҳсон қилсанг – бир савоб оласан, хайр-эҳсон қилмоқчи бўлган инсонни эҳтиёжманларсари йўналтира олсанг, тўрт баробар зиёдроқ савоб оласан” дер эдилар. Соч-соқолимга оқ оралаб, ёшим олтмишни қоралаб, энди-энди раҳматли қилбагоҳимнинг айтган гапларининг мағзини англай бошлагандекман…

Халқимизнинг кўп яхши урф-одатлари, удуми, яхши анъаналари бор. Иккита нон топса, биттасини қорни оч қўшнисига улашади. 2 сўм пул топса, 1 сўмини хайр-эҳсон  қилади. Топган 4 танггасининг 3 қисмини етим-есир, эҳтиёжманларга тортиқ этади. Қўшниси уй кўтриб, том суваса, ўз уйида қанча иши қалашиб ётган бўлса-да, барини ташлаб, ҳашарга шошади.

– Кимдир, ўзининг уй-жойи, ҳатто фуқаролиги бўлмай туриб ўзгаларни ўйлайдиган миллатдошларинг ҳам бор, деганида, ўша инсонни ўз кўзим билан кўрмасам ишонмас эдим, – дейди Гулистон шаҳар солиқ инспекцияси болиғи Жаҳонгир Раджабов. – Ҳақиққатдан ҳам ана шундай саховатпеша миллатдошларимиз бор экан…

Дилфуза Мансурованинг миллати ўзбек, асли Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан. 1992 йили турмуш ўртоғи, 2 ўғли 3 қизи билан Ўзбекистонга, Фарғонага кўчиб келган. Ички ишлар тизимида ишлаб юрган турмуш ўртоғи ишдан четлатилгач, гўё ҳаммасига оиласи айбдордек, никоҳини бекор қилиб, 5 фарзандни ташлаб, Россияга кўчиб кетган.

– Ҳеч қаерда ишламайдиган, вақтинчалик рўйхатда турган кишининг куни ҳам ўтиши қийин бўлар экан, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Дилфуза Мансурова. – Сизга ёлғон, Худога рост, бир бурда қотган нонга зор бўлган кунларим бўлди. Шу қийинчиликлар устига катта ўғлим оламдан ўтди…

Ўша кунларини хотирладию, Дилфузанинг овози бўғилди. Кўзига ёш келиб, ҳалқумига нимадир тиқилди. Бўғзига тиқилган йиғини ютиб, гапида давом этди.

– Сирдарёга кўчиб келишимга сабаб, собиқ иттифоқ даврида 5 опам Гулистонга келин бўлиб тушган эди. Улар, “Биз бешаламиз ҳам шу ерда бўлсак, Фарғонада қариндош-уруғимиз бўлмаса, ёлғиз ўзинг 4 бола билан у ерда нима қиласан, бу ерга кўчиб кел” деб қўйишмади. Мана 4 йилдирки, Гулистондаман. Ҳалиям фуқаролигим йўқ, “прописка”м ҳам вақтинчалик.

Дилфуза Мансурова 2017 йил Ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон лебирал демократик партияси вилоят кенгашининг бевосита ёрдами, Улуғ йўл маҳалла фуқаролар йиғинининг ўша пайтдаги котиби Ҳошимжон Эшмуродов кафиллигида “Ипотека банк” вилоят филиалидан 50 миллион сўм кредит олиб, битта иш ўрни яратиб, Гулистон шаҳар Улуғ йўл маҳалласида истиқомад қилувчи яхши бир инсоннинг уйини ижарага олиб, шу ерда иш бошлади. Сал ўтиб, 6 та тикув машинкаси сотиб олди. “Бек” масъулияти чекланган жамияти томонидан фаолиятини кенгайтириши учун 2 хона ажратиб берилди. Ҳозирда якка тартибдаги тадбиркорда 14 нафар кам таъминланган оилаларнинг хотин-қизлари билан опа-сингил, она-бола бўлиб фаолият юритмоқда.

– Кўпдан ўйлаб юрган – чақалоқлар учун мавсумдан келиб чиқиб, йўргаклик ва унинг ичига гўдаклар учун ички кийимлар тикиб, жамлама, яъни конверт қилиб, сотувга чиқараяпмиз, – дейди Дилфуза Мансурова. – Тўғриси, дастлаб иш бошлаганимизда, маҳсулотимизга бу қадар катта талаб бўлади, деб ўйламангандим. Бугун эса, буюртмаларни етказа олммай қолдик.

Гулистон шаҳрида уй-жойи бўлмай туриб, шу ерда истиқомад қилувчи, Дилфуза Мансурова, мана 2 йилдирки Сирдарё вилоятининг марказида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаяпти. Ишлаб чиқараётган маҳсулотлари Самарқанду Жиззахда, Фарғонаю Сирдарёда қўлма-қўл. Тошкентдаги “Абу сахий” бозорику опанинг доимий ва ишончли мижози.

– Яқинда Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекциясига Жаҳонгир Раджабов бошлиқ бўлиб келгач, иш юртишишимиз тубдан ўзгарди, – дейди Дтлфуза опа. – У киши аввал маҳсулотимизни кимларга ва қаерда эҳтиёж кўпроқ эканини аниқлаб, бизга аниқ таклиф ва тавсиялар бериб боради. Бу маслаҳатга амл қилиб, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах вилоятларига маҳсулотимизни ўзимиз олиб бориб, хайр-эҳсон қилдик. Уларнинг қувончини кўриб, Жаҳонгир Раджабов қанчалик ҳақ экнига гувоҳ бўлдим.

Ачинарлиси, Дилфуза Мансурованинг маҳсулотлари жаҳон андозаларига тўла жавоб берсада, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтира олмаяпти. Гарчи тайёрлаётган маҳсулотлари экспортбоп бўлсада, хорижга ҳам чиқара олмайди. Сабаби, Ўзбекистонга кўчиб келганига 27 йил, Гулистон шаҳрига келганига 4 йил бўлаётган бўлсада, ҳамон доимий рўйхатга қўйилгани йўқ, чунки Ўзбекистон унинг фуқаролигини билдирувчи паспорти йўқ.

– Дилфуза опа Мансурова Ўзбекистон фуқаролигини олиши учун барча зарур ҳужжатлар тўпладик, – дейди Жаҳонгир Раджабов. –  Тегишли идорага топширилди. Тезорада бу иш амалга ошади ва қолаверса, опа якка тарбибдаги тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириши устида иш олиб бораяпмиз. Ҳужжатлар ҳал бўлгач, тижорат банкидан имтиёзли кредит олиш масаласи ҳам ўз ечимини топиши учун ҳаракат қиламиз. Опанинг кичик корхонаси бизнинг секторимизда. Қолаверса, Президентимиз айтганларидек, янги ишчи ўрини яратмоқчи бўлган инсонга ёрдам қилиш ҳар бир раҳбарнинг бурчи бўлмоғи лозим.

Дарвоқе, Дилфуза опа 3 қизини турмушга бериб, уйли-жойли қилди, кичик ўғлини Россия давлатидаги олийгоҳда тўкис таҳсил олиши учун қўлидан келганча кўмак бераяпти.

– Жуда қийналган кезларимда, Худо йўлимни ўнглаб, ишларим юришиб кетса, қўлимдан келганча одамларга яхшилик қиламан, деб ўз-ўзимга сўз бергандим, – дейди Дилфуза опа. – Фарзандларимга ҳар байрам, туғилган кунларида совға салом қила оламан. Оламдан ўтган ўғлимгачи? Бугунги қиладиган хайр-эҳсонларимнинг савоби ўша ўғлимга бориб тегсин, дея амалга ошираман.

Худо хоҳласа, жонажон Ўзбекистонимнинг фуқаролигини олганимдан сўнг, уй қилиб, фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман. – дейди Дилфуза Мансурова. – Кейин маҳсулотларимизни экспорга йўналтирамиз. Мен фақат яхшилик кўраётган, мен учун қадрдон Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи инсонларни ишли қилиш. Энг асосий орзуим эса меҳрибонлик уйидан 5-6 нафар болани қарамоғимга олиб, уларга оналик қилиш, уларни ўқитиб, касб-ҳунарга йўналтириш, тарбиялаб, жонажон Ўзбекистонимга, халқимга садоқатли инсонлар қилиб камол топтиришдир. Менимча, савоб қилишдан яхшироқ ишнинг ўзи бўлмаса керак.

– Гулистонлик якка тартибдаги тадбиркор, сахий фел Дилфуза опа Мансурова нафақат вилоятда, балки республикамиз бўйлаб қатор хайрия тадбирлари ўтказмоқда, – дейди Жаҳонгир Раджабов. – Опа бугун ҳам хайрли ишни амалга оширди. Гулистон шаҳридаги вилоят туғруқхонасига бориб, 14 нафар кам таъминланган оила бекаларига чақалоқлар йўргаги, кийимлар тўпламларини туҳфа қилди.

Саховатпеша Дилфуза Мансуровадек миллатдошларимиз ҳамиша омон бўлсин. Эзгу мақсадлари йўлида, инсонларга яхшилик қилишдан асло чарчамасин!

Жалол Ражаб