Опамни 90 йилларда узатганмиз турмушга. Эсимда,   опамнинг тўйидан кейин 100 тача нон қолиб кетди. Яна бир дунё ушатилган нон бўлаклари. Бутун нонларни қўшниларга бўлиб бердик, оппоқ новвой нон бўлакларининг ўзи ошхона томини қоплади. Қуритиб олишга ёйиб қўйдик. Оппоқ, бўрсилдоқ нон бўлаклари эди. То қуригунча қушлар тўй қилишди. Камига мушук-пушук оралаб қолса, тош отиб қувлаймиз   “пишт!”  деб. Келинойим бурнини жийиради: «…энди бу нонларни ким ейди, молга берамизда бўктириб…»

95-96 йиллар келди. Бир кун уйғониб, магазин пештахталарини бўш кўрдик. Қишлоқдаги магазин олдида, шундоқ ерда ётадиган кир совунлар, мих солинган яшиклар, гугурт солинган қутилар ғойиб бўлди. Тонналаб пахта ёғи турадиган бочкалар ағанаб ётарди. Шундоқ дўкон ёнидаги бостирманинг тагида қоплаб турадиган, қопи 15 сўмдан 20 сўмгача бўлган унлар ғойиб бўлди. Ўша йиллари ғалла экиш бошланганмиди, ишқилиб, онам икки қоп буғдой сотиб олдилар. Уйда икки қоп маккажўхори бор эди, молларга берамиз, деб экиб, йиғиштириб олинган макка донини “қўйларга берманглар” деб қолишди.

Оғир кунлар бошланди. Қаҳатчилик. Ўзимнинг тўйим камтаргина ўтди. Тўйдан бир ҳафта ўтиб, мен тушган оиланинг қозорни юпқалигини, еганлари нон ва кўк пиёз эканлигини билиб, ҳайратда қолдим.  Шундай кунлар бўлди, томорқага экилган кўк пиёз ва шолғомнинг ёнғоқдайлигидан ковлаб олиб, бир амаллаб бир чўмич мойга қовуриб, сув солиб қайнатардим. Қайнона-қайнота пенсионер, эр ишламайди.

Қўлимда пиёла билан амаки овсинимникига чиқиб, гуручмиди унмиди кўтариб келганларимни яхши эслайман. Тегирмон унидан нон ёпиш жуда қийин эди. Айниқса, макка уни қўшилганини. Ёпган нонлар икки кунга етмасди. Икки ишда ишлаб, топган пулимга ёғ, икки кило гўшт, икки кило пиёз  ва бир қоп ун олардим. Жуда қийналганмиз.

Фақат биз эмас, қўни-қўшни, бутун мамлакатда шу аҳвол эди. Биров уйингга кирса, дастурхон ёзишнинг иложи йўқ эди. Қишлоқда тўй бўлса, 3 яшар болаларни каттароғига қўшиб, юборишар эди. Бориб, қорнини тўйдириб келсин деб. Жиянимнинг айтишича кичик ёшдаги болаларга оқосоқоллардан кейин ош сузиб беришаркан, шулар тўйиб олсин деб. Тўйлар жуда камтарона ўтган ўша пайтларда.

Эсимда, бир гал уйга бораётсам, кўча бошида турадиган бир ака “Ҳа, ишдан яна онанингникига келяпсанми? Уйингга бормайсанми, уларга нонхўрак бўлмай” деганди. Шу аканинг ўзининг ҳам сингиллари бор эди. Шартта юзига “сиз сингилларингизниям уйга келтирмайсиз шекилли? Қорин ўлсин-а” деганман. Шу аканинг хотини билан келинойим дугона эди. Ўша етказгандир деб, аразлаб, у билан анчагина гаплашмай юргандим. Араз ортидан онажонимниям кўргани бормай қўйганим эсимда.

Кейинчалик доруломон кунлар келди яна. Яна дўконлар тўлиб-тошди. Яна “сен же, мен же” бўлиб қолди. Аммо, мен ўшанда одамлар энди умуман исрофгарчиликларга йўл қўйишмаса керак, деб ўйлаб янглишган эканман.

Бу пайтга келиб Гулистон шаҳрига кўчиб ўтгандим. Бирин-кетин болаларим дунёга келди. Касаба уюшмаларида тарғиботчи бўлиб ишладим. Вилоят ишчи гуруҳи билан ташкилот меҳнат жамоаларида маънавият соатларида бу ҳақда кўп маротаба гапирганман. Исрофгарчилик кетидан албатта мусибат келади, деган ўй бўлган хаёлимда.

2015 йиллардан кейин одамлар 95-96 йиллардаги қаҳатчиликни унутишди. Яна ахлатхонада бутун-бутун буханкалар, ҳамма ёқда нон бурдалари. Тўйларда қилинган исрофгарчилик чидаб бўлмас даражада. Хотин-ошида 7 хил овқат, камига юз хил пишириқлар ва салатлар. Тўйларни ихчамлаштириш ҳақида чиққан қарор қоғозда қолиб кетди. Тўйхонада тўй қилиш урф, ўртача тўйга  500 нафардан 1000 нафаргача меҳмон таклиф этилади. У  исрофгарчиликлар…

Отам-онамни энди тушундим. Уруш одамлари эмасми, ҳар доим дастурхон тепасида шукрона келтиришарди. Дастурхонда қанақа овқат бўлишидан қатъий назар, Худога шукр қилиб, “парвардигор, биз кўрдик қора кунларни, болаларимиз кўрмасин” дея ёлворишарди.

Короновирус пандемияси мамлкатимизда тарқалишни бошлаган кундан буён  кечалари уйқум келмайди. Аллоҳга ёлвораман. “Художон, парвардигор, мен кўрган қаҳатчиликни фарзандларим кўрмасин деб. Элни тинч қил, эл қатори мен ҳам тинч бўлай, элни тўқ қилгин, эл қатори менинг ҳам дастурхоним тўкин бўлсин дея дуо қиламан.

Бугун, касаллик ҳар биримизга хавф солиб турган бир пайтда, ҳар биримиз ўтган кунларимизни кўз олдимизга келтирайлик. Қайси гуноҳимиз учун Яратган эгам бу балони бошимизга юборди?

Сизни билмадим-у, аммо мен бировнинг дилини оғритсам, шу куни ишим юришмайди. Нотўғри гапирган инсонни қаттиқ қайириб ташлайман-у, дарров пушаймонлик дилимни эгаллайди. Шуни астагина тушунтириш мумкин эди-ю, дейман.

Келинг, шу коронавирус балоси даф бўлгунга қадар, аҳил бўлайлик, бир-биримизни асраб-авайлайлик. Бир-бировимизнинг шаънимизни булғамайлик, дилини оғритмайлик. Аҳил элда барака бўлади. Қийналганларга ёрдам қўлини чўзиш турлича бўлади, хайрия ишлардан тийилмайлик. Ўзимизни ва оиламизни, бир-биримизни асрайлик, айтишадику, “Ўзини асраганни Аллоҳ ҳам асрайди” деб.

 

Зебо Ҳайдарова.