“КЎРИНМАС МИЖОЗ” СУДЛАНДИ

            Карима (мақоладаги исмлар ўзгартирилган) асли Чиноз туманидан. Ўзгаларни чув тушириб пул топиш бобида унга унча — мунча одам тенг келолмайди. Карима Сирдарё туманида истиқомат қилувчи дугонаси  Гулсаранинг ишхонасига келиб “плай маркет” иловаси орқали мўмай даромад топиши мумкинлигини, уни ҳам пул билан таъминлаб туришини айтиб Гулсарани қизиқтириб қўйди. Ундан фуқаролик паспортини олиб “ ANOR BANK”  мобиль иловаси орқали   идентификациядан ўтказиб, Гулсарага билдирмай унинг юз қиёфасини мазкур банк мобиль иловасидан  масофавий онлайн аутентификациядан ўтказиб унинг розилигисиз, шахсига оид (биометрик) маълумотларидан онлайн қарз олишда фойдаланди. Виртуаль пластик карточка очтириб “ANOR BANK”” АЖнинг 49.000.000 сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирди.

            Август-сентябрь ойларида А.А.нинг уйига ташриф буюрди. А.А.нинг маиший техника воситалари харид қилгани ва у кредит пулларини тўлаган бўлсада, лекин мазкур тўловлари кредит базасида тўланмай турганлигини, кредит тўловларини сўндириш учун паспорти ва юз қиёфаси фотосурати кераклигини айтди. У А.А.нинг маълумотлари орқали унинг  розилигисиз   “ ANOR BANK” АЖнинг 29.000.000 сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.  С.М. ҳам  мана шундай усулнинг “қурбони” бўлди. Карима  уни ҳам алдаб  “ ANOR BANK” АЖдан унинг номига 12.300.000, И.А.ни чув тушириб ҳужжатлари орқали 7.700.000 сўм , С.Х.нинг ишончига кириб, маълумотларини қўлга киритиб 6.100.000 пул маблағларини қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжи учун  ишлатиб юборди.

            Ўз ишидан илҳомланиб мўмай пулларни қўлга киритишга ружу қўйган аёл  энди “TBC BANK”АЖнинг “ кўринмас мижози”га айланди. Таниши Н.У.ни қизиқтириб, маълумотларини олиб,  унинг хабардорлигисиз   “TBC BANK” АЖ дан 49.999.999 сўмни, кейинроқ  С.Х. ҳужжатлари орқали 20.000.000 сўм,  Ш.К.нинг маълумотлари билан 16.200.000 пулларни олиб ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди.

             Ваниҳоят унинг фирибгарлигига чек қўювчилар топилди. Сирдарё туман суди биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд Каримага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларини қўллаб унга нисбатан олти йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади. Унинг уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, кичик фарзанди уч ёшга тўлгунича  —  2026 йил  27 май кунига қадар жазо муддатини кечиктиришни лозим топди. Ундан жабрланувчилар ,  “ ANOR BANK” АЖ“ ҳамда  TBC BANK”АЖнинг  фойдасига келтирилган барча зарарларни ундириш белгиланди.

 Жавоҳир ҚАИМОВ,

Сирдарё туман прокурорининг ёрдамчиси