ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИНИ                                                 БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК БОР

 ҚОНУНДАГИ ЎЗГАРИШЛАР СОҲАДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва  ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 26 декабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2024 йил 9 февралда маъқулланган.

Мазкур қонунда кейинги йилларда республикамизда ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш, фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғининг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш имкониятини берувчи яхлит ёнғин хавфсизлиги тизимини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тушунтириш ва профилактика чора-тадбирларини кучайтириш билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилишини тақозо этмоқда.

Шунингдек ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашдаги мутаносиблик ва етарлиликнинг конституциявий принципларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши билан боғлик айрим маъмурий жавобгарлик чораларини либераллаштириш талаб этилади.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтиришни, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ёнғин чиқишига олиб келганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгилашни, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик  чораларини тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқи давлат ёнғин назорати органларига берилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари шахсларнинг эхтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлигиға зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда бундай шахсларни жавобгарликдан озод қилиш белгиланмоқда.

Ушбу қонун ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий таъсир кўрсатиш чораларининг янада самарали кўлланилишини таъминлашга, шунингдек, давлат ёнғин назорати органларининг ваколатларини аниқлаштиришга хизмат қилади.

МЖтКнинг 84-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи кисми билан тўлдирилиши:

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса — фуқароларга базавий хисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ҳамда ушбу кодекснинг 211-моддаси биринчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилииши, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, иккинчи қисмининг санкцияси кўйидаги таҳрирда баён этилиши, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиниши, учинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилиши, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ва  куйидаги мазмундаги туртинчи қисм билан тўлдирилиши, шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиҳига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши тўғрисида келтириб ўтилган.

Ушбу қонунга кўра расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган.

   Лазиз АБДУЛЛАЕВ,

туман Фавқулодда вазиятлар бўлими Профилактика ва назорат бўлинмаси бошлиғи, подполковник .

           Шарофиддин ҚУРБАНОВ,

 Профилактика ва назорат бўлинмаси кичик инспектори, катта сержант .