«Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан «Сирдарё вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишлар ҳолати бўйича тадқиқот ва таҳлил натижалари» мавзуидаги матбуот анжуманида шу саволга жавоб изланди.

Унда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари, экспертлар, психологлар ва журналистлар иштирок этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда ажримлар кўрсаткичи ўсиши сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғини берган эди. Натижада марказнинг етакчи олимлари, ҳуқуқшунослар, социологлар, психолог ва бошқа соҳалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди ва комплекс тадқиқотлар олиб борилди.

Таъкидланганидек, 2017 йил вилоятда 1095 никоҳдан ажрашиш расмий қайд этилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан 21 фоизга кўп. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон миқиёсида энг юқори ҳисобланади. 2012-2016 йилларда республика бўйича ажримлар сонининг ўсиши 58 фоизни ташкил қилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 83 фоизга етган.

Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган илмий-амалий тадқиқотлар натижаларига кўра, 22,5 фоиз оилада эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш, тотувликнинг йўқлиги, 15,6 фоизида фарзандсизлик, 15 фоизида эр-хотин шахсий ҳаётига бошқаларнинг аралашуви ҳамда улар ўртасидаги ўзаро можаролар, 11 фоизида сурункали ичкилик ажримларга асосий сабаб бўлган.

– Сирдарё вилояти ҳудуди ва аҳолиси бошқа вилоятларга нисбатан кичик бўлса-да, оилавий ажримлар кўрсаткичининг анчайин юқорилиги ташвишли ҳол, – дейди Гулистон шаҳар никоҳ уйи мудираси Лола Муродова. – Республика ишчи гуруҳи томонидан ажримлар сабаби, оқибатлари ўрганилгандан сўнг муаммони аниқ таҳлил этиш имкони туғилди. Тарғибот-ташвиқот ишларидан ташқари мутахассислар томонидан муаммоларни чуқурроқ ўрганиш, тизимга алоқадор қонунларимизни такомиллаштиришимиз лозимлиги аниқланди. Биз, аввало, оилаларда бир томоннинг ҳуқуқи поймол бўлишига йўл қўймаслигимиз лозим. Бунинг учун никоҳ шартномаларини республикамиз бўйича тарғиб қилиш, унга фақат мулкий масалаларни эмас, оилавий муносабатларни ҳам киритишимиз лозим. Сабаби, аксарият ҳолларда ажримларга учинчи шахсларининг эр-хотин муносабатига аралашуви сабаб бўлмоқда.

Тадбир сўнггида келгусидаги вазифалар, амалга оширилиши мўлжалланаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди, журналистлар саволларига жавоб қайтарилди.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА