Ватан ҳимоячиси… Бу сўзни тафаккуримизда ҳис этганда беихтиёр кўз ўнгимизда халқимиз, эл-у юртимиз осойишталиги, бахт-саодати  йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай кўксини қалқон қилиб  Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаб келаётган мард ва жасур ўғлонларимиз, уларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига тинч ва осуда ҳаёт кечираётганлигимиз гавдаланади. Ватанни ҳимоя этиш нафақат ҳарбий соҳада фаолият кўрсатаётган, балки мамлакатимиз  ҳар бир фуқаросининг  шарафли бурчи бўлиши керак эканлигини англаймиз.

Яқинда Ўзбекистон “Адолат”СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган Вилоят маънавият ва маърифат маркази, Гулистон давлат университети билан ҳамкорликдаги Ватанпарварлик ойлиги доирасида  “Ватан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” мавзусидаги тадбир ҳам Ватан ҳимоясидаги юртдошларимизни эъзозлаш, уларни ифтихор этиб рағбат кўрсатиш мақсадида ўтказилди. Унда партия вилоят ҳамда “Ёшлар қаноти” вакиллари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, Вилоят Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари, бир гуруҳ Миллий гвардия ҳизматчи ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Миллий гвардия 97-948 ҳарбий қисм командири ўринбосари Ғулом Абдуллаев олиб борди. Дастлаб сўз навбати Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арифжон Қудратовга берилди. Сенатор ва депутатнинг Ватан ҳимояси йўлида заҳмат чекиб, тинимсиз мехнат қилиш мард ўғлонлар учун шарафдир мавзусидаги маърузасини тадбир иштирокчилари алоҳида қизиқиш билан тинглашди

Тадбирда “Ватан ҳимоячилари” куни эркин ва озод юрт, халқимизнинг муқаддас байрами сифатида заминимизда тинчлик ва осойишталикнинг ишончли кафолоти бўлган миллий армиямизнинг қутлуғ айёми эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда, юрт посбонларига берилаётган эътибор, халқимизнинг уларга бўлган муносабати, Ватан ва эл-юрт осойишталишиги йўлида бемисл ҳизмат қилиб келаётган мард ўғлонларни эъзозлаш, кўксини ғурур ва шонга тўлдириш, шундай Ватаннинг ҳимоя­сида эканликларидан ҳамда келажакда ҳам бу йўлда оғишмай хизмат этиб, она юрт олдидаги муқаддас бурчларини адо этишлари шараф эканлиги тўғрисидаги мақтов ва олқишлар янгради.

Шунингдек, 86-528 ҳарбий қисм командири ўринбосари, подполковник Мадҳиддин Раҳимов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос  Абдуллаева, Гулистон давлат университети ўқитувчиси Шомурод Бектурдиев, Вилоят маънавият ва маърифат маркази директори Ғайбулла Юсуповлар ҳам минбарда туриб,  Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир ватан ҳимоячисининг муқаддас бурчи ва бу — катта шараф эканлигини эътироф этган ҳолда ўзларининг самимий дил изҳорларига йўғрилган табрикларини билдиришди.

Сермазмун ва таассуротларга тўла тарзда ўтган тадбир якунида фаол Миллий гвардия ходимларига “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 

Беҳзод АБДУЛЛАЕВ

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

раис ўринбосари