Ўтган йил давомида 220 минг 800 нафар фуқаро доимий ва вақтинчалик ишларга жалб этилди. Ўтган йили бандлиги таъминланган  аҳолининг   7,7 минг нафари аёллар, 5,9 минг нафарини ёшлар ташкил қилади.

Вилоят Бандлик бош бошқармасида йил якунлари ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда бошқарма бошлиғи Мурод Муҳаммадиев вилоятда 2022 йилда эришилган  натижалар ва истиқболдаги режалар  бўйича ҳам маълумот берди.

— Янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида 2022 йилда 201 минг 800 нафар фуқароларни мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб этиш этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган эди,- деди Мурод Муҳамадиев. — Бунинг натижасида  қурилиш, транспорт ва коммунал, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, пиллачилик соҳаси, деҳқон хўжаликлари ва томорқа хизмати ҳамда  тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш ва бошқа соҳалар орқали йил давомида 220 минг 800 нафар фуқаролар доимий ва вақтинчалик ишларга жалб этилди. Шунингдек,   40  мингдан зиёд иш билан банд бўлмаган аҳолига бандликка кўмаклашиш марказлари ва жамғармалар томонидан 18,3 миллард сўмга яқин маблағ ажратилди. Бунинг натижасида  ишсиз, шунингдек, чет элдан қайтиб келган фуқароларнинг мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилди.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 15,8 минг нафар ишсиз, шунингдек, чет элдан қайтиб келган фуқароларни мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилди. Уларнинг 7,7 минг нафари аёллар, 5,9 минг нафари ёшлардир.

Вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган 23,9 минг та юридик корхона ва уларда ишловчи ходимларнинг  меҳнат фаолиятига оид маълумотлари «ЯММТ» ИДАК дастурига киритиб борилмоқда.  Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ish.mehnat.uz ва ish2.mehnat.uz сайтларида оммага мунтазам эълон қилиб борилаётганлиги ҳам яхши самара бермоқда.

Аҳолини вакант иш ўринларига ишга жойлаштириш мақсадида вилоят бўйича 2022 йил давомида 132 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди. 2,5 мингта корхона ва ташкилотлар томонидан 20 мингдан зиёд бўш иш ўринлари таклиф этилди.  2 488 нафар фуқароларнинг ишга жойлашишига йўлланмалар берилди, 1 626 нафар ишсизлар касбга ўқитиш курсларига юборилди. 308 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 7 419 нафарига меҳнат қонунчилиги бўйича маслаҳатлар берилди.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилган 689 нафар ишсиз шахсларга 1  418,8 сўм миқдорида субсидия ажратилди. Йил давомида 6,3 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилди ва  Мономарказлар томонидан 6 минг  нафардан зиёд ишсиз фуқаролар иқтисодиётда талаб қилинаётган мутахассисликлар бўйича касбга тайёрланди ва қайта тайёрланди. Хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар рус, япон, корейс, инглиз ва бошқа тилларга ўқитилди.

Хорижда ишлаб қайтиб келган меҳнат мигрантларининг 2,5 минг нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 1,1 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 135 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 591 нафарига тадбиркорликка жалб қилиш ва кредит ажратишда, 1,6 минг нафарига ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилди, 218 нафарига субсидия маблағлари ажратилди.

1 968 та корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси юзасидан текшириш ўтказилиб, 33 606 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича 1 534 та ёзма кўрсатма, 878 та тақдимномалар киритилди. 403 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 652,8 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди. 1 483 нафар фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган.

Матбуот анжумани якунида мутахассислар журналистларнинг барча саволларига атрофлича жавоб бердилар.

Беҳзод Мавлонов,

Бандлик бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари