Сирдарё туманининг чекка ҳудудида очилган «Оҳанрабо Медиа МЧЖ» га қарашли давлат хусусий шерикчилик асосидаги «Эркатой” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп фурсат бўлгани йўқ. Шунга қарамай бу болалар боғчасини Сирдарё туманида деярли ҳамма билади.

“Қуёш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мазкур мактабгача таълим муассасаси ҳам фарзандлар камоли йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давомидир. Тажрибали таниқли тадбиркор, «Дўстлик»ордени соҳибаси Малика Ғаниева «Асака» АТБ Сирдарё филиалининг 2 миллиард 700 миллион сўм кредит ва 1 миллиард 800 миллион сўм ўз маблағлари ҳисобига замонавий,кўркам болалар боғчасини бунёд этди. Тадбиркор хоним бу ерда 52 та иш ўрни яратиб, боғчага 28 нафар энг тажрибали,ўз ишига фидойи педагог ва тарбиячиларни саралаб олди.

Муассасада болажонларга жаҳон андозалари асосида таълим ва тарбия бериш учун барча шарт-шароитларни яратиб берди. Хоналар ёруғ ва шинам, барча керакли жиҳозлар ва инвентарлар мавжуд. Ҳозирда ушбу масканда 350 нафардан зиёд болажонлар тарбия олмоқда. 123 та ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига 50 фоизли чегирмалар жорий қилинган. Рус тили, инглиз тили, рақс, спорт тўгараклари, фаолияти тизимли йўлга қўйилган. Қолаверса, ота-оналар таклифларидан келиб чиқиб,ушбу муассасада суткалик гуруҳлар ҳам ташкил этилган.Ота-оналар фарзандларини дам олиш кунларида ҳам ишончли қўлларга топшириб ўз юмушларини хотиржам бажаришлари мумкин. Муассасада болажонларнинг овқатланиши, дам олиши, турли тўгаракларда шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Санитария-гигиена тармоғи, тиббиёт хонаси, ёш гуруҳлар учун хоналар, мусиқа зали, алоҳида ошхона, умумий овқатланиш зали, ёзги айвончалар, ўйин майдончалари болажонлар ихтиёрида.

 

— “Эркатой” макабгача таълим ташкилотининг ўзига хос тарбия услублари эътиборимни тортди, — дейди Умида Саъдуллаева. — Қизим Зилола Рашидова боғчага қадам қўйганида “р” ва “ш” ҳарфларини айта олмасди. Ўтган муддат ичида қизим бу ҳарфларни талаффузини ўрганиб олди.Бунинг учун боғча логопеди Гулнора Масалиевадан жуда ҳам миннатдорман. Боғча ақлни пешлайдиган, билимни чархлайдиган замонавий таълим-тарбия воситалари билан жиҳозланган. Гап шундаки, бу боғчада жаҳон талабларига мос ва хос бўлган воситалардан фойдаланиш баробарида ривожланган давлатлар таълим йўналиши асос қилиб олинган. Мен уйимда туриб ҳам фарзандимнинг боғчадаги жараёнини бемалол кузатиб туришим мумкин.

— Ота-она учун ўз фарзандини қайси мактабгача таълим муассасаси ёки мактабга юбориш доимо ўйлантирган, — дейди Дилором Абдураимова биз билан суҳбатда. — Чунки, фарзандингиз боғча томон ошиқса ва боғчадан безиб келмаса, бу унинг чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлишини таъминлаб беради. Асосийси эса, болангизнинг хотирасида бир умрга қоладигани ҳамда уни келажакда етук инсон бўлиб етишиши йўлида хизмат қиладиганидир. “Эркатой” болалар боғчаси ҳақида ана шундай деб айтиш мумкин.

— Биз нафақат боланинг яхши таълим-тарбия олиши, балки, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол бўлиши тарафдоримиз, — дейди мудира Малика Ғаниева. — Бунинг учун эса бизда шароитлар етарли. Масалан, боланинг соғлом бўлиб вояга етиши турли спорт ўйинлари, гимнастика ва бир қатор тўгараклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Шу боис ҳам болалар боғчасида тарбияланаётган болаларнинг ярмидан кўпи туман марказидан келадиган болажонлардир. Уларга боғчанинг «ИСУЗУ “ автобуси эрталаб ва кечқурун бепул хизмат кўрсатади. Эски андозалардан тамоман воз кечиб, ноодатий дизайнлар асосида бунёд этилган ушбу намунавий боғча кўп вақтдан буён сирдарёлик ота-оналарнинг орзуси эди. Ҳеч шубҳа йўқки, уларнинг фарзандлари биринчи кундан бошлаб замонавий таълим ҳамда тарбия воситаларидан баҳраманд бўладиган ушбу  маскан томон ошиқишади.