Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома фуқаролик паспорти каби боланинг шахсини тасдиқлайди

Сўнгги 3 йил давомида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 81 мингдан ортиқ туғилиши ўз вақтида қайд қилинмаган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилган.

Савол: Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома қандай ҳужжат ҳисобланади? Бу ҳужжатнинг инсон ҳаётидаги ўрни қандай? Фуқаролар бола дунёга келганидан сўнг қанча вақт мобайнида ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишлари лозим?

Салима Х.

ЖАВОБ: Гувоҳномаларни фуқароларга тақдим этиш учун ФҲДЁ органи ходими масъул ҳисобланади.

“Ҳеч бир бола қайд этилмай қолиши мумкин эмас”. Мана шу шиор остида 2018 йилда бошланган хайрли акция бугунги кунга қадар ҳам давом этиб келмоқда.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда туғилганлиги ўз вақтида қайд қилинмаган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилаётганлиги ҳақидаги хабарлар ёритилаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Аслида бу ижобий ташаббус қачон ва ким томонидан бошланган?

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома — ҳар бир инсон ҳаётида дастлабки расмий ҳужжат ҳисобланади. У фуқаролик паспорти каби боланинг шахсини тасдиқлайди.

Бу муҳим ҳужжатга эга бўлмаган ота-оналар фарзандининг манфаатларини ҳимоя қила олмайди. Ахир маънан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлмаслик расмий қайд этилмаганлик демакдир, бунингсиз эса — киши умуман мавжуд эмас, деса ҳам бўлади. Бола исмидан бошқа ҳеч нарсага эга эмас, у бўлса ҳам ҳеч қаерда қайд этилмаган.

Масаланинг долзарблиги, инобатга олинган ҳолда Давлат хизматлари агентлиги томонидан 2018 йил умуммиллий ижтимой акцияни ўтказиш ташаббуси илгари сурилганди. Акциянинг асосий йўналиши этиб тегишли тартибда қайд этилмаган туғилганлик ҳолатлари аниқланиши ва тўлиқ хатловдан ўтказилиши белгиланган. Акция бошланган илк даврдаёқ уйма-уй юриш натижасида, жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан аниқланган Конституция ва қонунларда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларидан тўлалигича фойдалана олмаётган болалардан 13 мингга яқинига тегишли ҳужжат топширилганди.

Маълумот учун, ҳудудлар кесимидаги кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 3,8 минг, Андижонда 4,7 минг, Бухорода 900 та, Фарғонада 3,6 минг, Жиззахда 3,3 минг, Наманганда 10,7 минг, Навоийда 5,1 минг, Қашқадарёда 15,7 минг, Самарқандда 16,7 минг, Сирдарёда 650 та, Сурхондарёда 15,3 минг, Хоразмда 300

та, Тошкент вилоятида 4,2 минг, Тошкент шаҳрида 6,1 мингдан ортиқни ташкил қилади.

Оила кодексига асосан сўнгги 3 йил давомида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 81 мингдан ортиқ туғилиши ўз вақтида қайд қилинмаган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилган.

Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди.

ФҲДЁ органларида гувоҳномаларнинг сарфланиши, уларнинг сақланиши, шунингдек, гербли гувоҳномалар билан ишлаш ҳуқуқига ФҲДЁ органи мудирлари шахсан масъул ҳисобланиб, қайд этилган ҳаракатлар бўйича тегишли гувоҳномаларни фуқароларга тақдим этиш учун қонунчиликка биноан, ФҲДЁ органи ходими масъул ҳисобланади.

Саволларга Боёвут тумани ФХДЁ бўлими 2-тоифали инспектори Шоҳсанам Нарзуллаева жавоб берди.