“Сирдарё иссиқлик электр станцияси” АЖда 500 нафар хотин-қиз турли вазифаларда фаолият олиб бормоқда. Станция раҳбарияти, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ва Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда  юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткаш, фидойи хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Эл-юртга хизмат қилиш эса инсон умрининг ҳақиқий безаги. Мамлакат тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демасдан энергетика тизимида меҳнат қилаётган аёлларнинг фидокорона хизматларини қадрлаб, ҳар қанча эътироф этсак арзийди.

Барно Пардаева 23 йилдирки корхонанинг Марказлаштирилган таъмирлаш цехида кран машинисти бўлиб ишлайди. Кўпчилик бу касбни аёллар учун тўғри келмайди, деб ҳисоблайди. Лекин Барно Пардаева ўз касбидан мамнун. Чунки у ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини пухта ўзлаштирган.

Асли ўқитувчи бўлишни орзу қилган аёл 1989 йилда Сирдарё вилояти, Ховос туманидаги 2-сонли  умумтаълим мактабини тугатгач, Сирдарё Давлат педагогика институти (ҳозирги ГулДУ) га ҳужжат топширади. Аммо ўқишга кира олмайди.

1997 йилда Бекобод шаҳридаги “Сигма” ўқув марказида касб-ҳунар эгаллаш учун ёш хотин-қизлардан ҳужжат қабул қилинаётганидан хабар топади.

– Ўқув марказига ҳужжатларимни топширдим ва касб-ҳунарга эга бўлиб завод ёки фабрикада ишлай олишимдан жуда қувондим, – дейди Б.Пардаева. – Турмуш ўртоғим “Сирдарё ДНЭС”ида (ҳозирги “Сирдарё иссиқлик электр станцияси” АЖ) Марказлаштирилган таъмирлаш цехида ишлар эди. 35 нафар йигит-қиз Бекобод шаҳрига “Сигма” ўқув марказида касб-ҳунар эгаллаш учун ўқишга кетдик. Қизлар учун 4 хил – тикувчилик, ошпазлик, бўёқчилик ва кран машинисти касбларига жой борлигини билдиришди. Мен кран машинисти касбини танладим ва бундан сира афсусланмайман. Бекобод шаҳрининг ўзида 6 ой назарий ўқув курсини тугаллагач, Бекобод цемент заводида 6 ой давомида амалиёт ўтадим ва кран машинисти бўлиб ишладим. Шундай қилиб, бир йилдан кейин мен амалий малакага эга мутахассис сифатида касбни тўлиқ эгаллаб бўлган эдим.

Сўнг Б.Пардаева “Сирдарё ИЭС” АЖ корхонасига кран машинисти лавозимида ишга кириб, мустақил ишлай бошлади. Кранда ишлаш доимо диққат-эътибор, ҳушёрлик, юқори даражадаги малакани талаб қилади. Айниқса, 32 метр баландликда туриб қурилмалар устидан юк олиб ўтиш, ўта оғир ва катта ўлчамдаги юкларни силжитиш, тунги ишлар – малака ва дадилликни, юкни илдирувчи ходимларга талабчан бўлишни талаб қилади. Шу билан бирга диққатни жам қилиш учун ишга доимо руҳан ва жисмонан тайёр бўлиш зарур.

Акс ҳолда бу иш жараёнида жиддий кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин.

Ушбу қийин соҳада ўз ўрнига эга бўлган ўзбек аёли бугун кўплаб шогирдлар тайёрламоқда. У ўзи истаганидек, “устоз” дея чақириб, ҳурмат кўрсатадиган йигит-қизларнинг севимли устозидир.

 

Шуҳрат СУЯРОВ, УзА.

 

 

.