Сарлавҳамизни ўқибоқ кўз ўнгизда ўқитувчи гавдаланди, тўғрими? Мақоламиз қаҳрамони – вилоятимиздаги кўплаб муваффақиятли фаолият юритаётган  ўқитувчиларнинг устози, Саодат Темировна Файзиевадир.

Саодат опани илк кўрганимда  жуссаси кичиккина бўлишига қарамасдан, адл юрадиган, чеҳраси  жиддий, сўзларини кесиб-кесиб гапирадиган ишчан аёл сифатида таассурот қолдирган эдилар. Кейинчалик, вилоятдаги кўплаб  одамлардан опа ҳақида илиқ фикрлар эшитдим.  Ўшанда фарзандларим ҳали мактабга ҳам бормаган эди. Аммо, ҳамкасбим  Дилором Исмадиёрова ўғли Ойбек хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда таълим олгани, олий ўқув юртига ўз билими билан кириб, муваффақиятли тугаллагани, дадаси касал бўлиб қолганида Ҳиндистонга, юрагини операция қилдиришга олиб боришганида айнан ўғлининг инглиз тилини билиши қўл келгани ҳақида фахрланиб айтиб берганида  унинг  ўғлига жуда ҳавас қилганман.  Яна бир ҳамкасбим –Холида опа Пардабоеванинг ўғли Умид Абдуллаев ҳам айнан шу мактабда таълим олгани,   Канаданинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олгани ҳам нафақат менда, балки ҳамма ҳамкасбларимда ҳавас уйғотган эди. Шу туфайлими, Саодат опа билан яқиндан танишиш истаги жуда кучли эди. Кунлардан бир куни у кишини Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий хиёбонида учратиб қолдим. Салом бергач,  ўзимни таништириб,  суҳбатга тортдим. Ўша пайтларда  Сирдарё вилояти телевидениеси бош муҳаррири бўлишимга қарамасдан,  асосий фаолиятим кадр ортида эканлигиданми, кўпчилик мени яхши танимаслигини билардим.  Саодат опа жуда яхши суҳбатдош эканлар, шу суҳбатимиз асносида  бу аёлнинг энг қимматли бойлиги — ўз ўқувчилари билан фахрланиши эканини сездим.

Болалар тарбияси бўйича бир неча савол билан мурожаат қилдим, чунки, раҳбар аёл сифатида  ҳали гўдак болаларимга кўп вақт ажрата олмас,  кечқурунлари уйқу олдидан биттагина эртак айтиб беришга етарди кучим.  Саодат Темировна  болаларнинг қизиқишларига, иқтидорига қараб йўналтиришни маслаҳат бердилар.  Ўшанда, фарзандларимнинг чет тилларини ўрганишларини, айниқса, француз тилида гапиришларини жуда истаётганимни айтдим (бу менинг ушалмаган армоним эди!). Саодат опа кулдилар.  Кейин ўзи раҳбарлик қилаётган мактабга фақат  иқтидорли, аълочи болалар ўқишга имтиҳон орқали қабул қилинишларини ,  ва агар болалар у даргоҳда ўқишларини истасам, уларнинг бошланғич синфларда билим олишларига жиддий эътибор беришимни тайинладилар.

Ўшанда қайта-қайта “Саодат Темировна, фақат пенсияга чиқиб кетманг, илтимос” дея сўраган эдим. Опа кулиб, бош чайқаб қўйганлар.

Кейинчалик ўғлим ва қизим Гулистон шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби бошланғич синфларда таълим олишди. Ушбу мактабнинг бошланғич синф  ўқитувлари  Манзура опа ва Феруза опалардан жуда-жуда миннатдорман, чунки, ушбу икки меҳридарё  устозларнинг фарзандларим тарбиясида ҳиссаси катта.

Саодат Темировна  эса ҳозирда фарзандларимнинг севимли устози, “катта  онаси”.  У кишига бўлган чексиз ишончни фарзандларини шу даргоҳга умид билан етаклаб келган ҳар бир ота-онадан эшитганман, десам муболаға эмас. Фарзандининг шу даргоҳда ўқишидан ғурурланмаган ота-онани ҳам кўрмаганман.  Чунки, меҳрибон ва қаттиққўл устоз аёл ўзи раҳбарлик қилаётган меҳнат жамоасига энг билимдон,  ўз билими устида ишлаб чарчамайдиган, ўқувчилар руҳиятини яхши тушунадиган ўқитувчиларни жамлаган.   Одил ака Мингжигитов, Зулфира Аҳмедова, Феруза Аҳмедова,  Баҳодир  Атанов ва бошқалар  болаларнинг ҳурмати ва меҳрини қозонган устозлардир.

Яқинда ота-оналар учун ўтказилган бир тадбирда иштирок этиш учун мактабга борсам,  Саодат Темировна кайфияти бир оз тушкун ўтирган эканлар. Ҳол-аҳвол сўрашгач,  қизиқувчанлигим туфайли (ҳамма мухбирлар каби), нима гаплигини сўрадим. Опа ўйланиб турдилар-да, бир воқеани гапириб бердилар.

Куни кеча  бир катта идорага мажлисга борсалар,  собиқ  ўқувчиларидан бири ўша жойда кичик амалдор экан.  Ёнларидан кўрмаганга олиб ўтиб кетибди.  Мажлисдан чиққач,  кетаётса, собиқ ўқувчи собиқ директоринингфамилиясини айтиб чақириб, “хонага киринг, сизга топшириқ бор”,  дебди. Хонасига кирганда ўтиришга таклиф қилишга ҳам фаросати етмабди.

-Ўқувчим мени шунчалар беҳурмат қилса, қаерда хатога йўл қўйдим экан, — деб ўксиниб ўтирган эканлар!

Мен у киши айтган йигитни яхши танирдим,  “қўйсангизчи, сизда хато йўқ, у йигитнинг табиати асли шундай бўлган” дедим. Ахир, шундай инсонлар борки, оддий лавозимда индамасдан югуриб юриб, салгина кичикроқ бир стулга ўтириб қолса,  ўзини “Искандар Зулқарнайн” дея сеза бошлайди.  Натижада  халқнинг ҳурматини йўқотади, ўқитувчисининг муҳаббатини йўқотган шогирд  эса дунёдаги энг бахтсиз инсон.  Чунки, ҳаётнинг пасту баландларида қоқилиб, туриб, олға кетаётган,  баъзан юрагинг сиқилиб, дунё кўзингга тор кўриниб кетганида,  устозингнинг бир оғиз “бардам бўл, ҳали яхши кунларинг олдинда, сен энг иқтидорли ўқувчим эдинг,  сен албатта муваффақият қозонасан” деган сўзларигина малҳам бўла олади. Саодат Темировна эса ана шундай меҳр тўла қалб эгаси.

Опа билан болалар тўғрисида суҳбатлашиб, қайтар эканман,  йўлда кетаётиб, ўзимнинг ҳам кўнглим ўксиди. Ахир, ўша номард йигит амалга ўтирганида шу устоз аёл қанчалар севинган, давраларда шогирдларини бирма бир санаб,  “Аллоҳга шукур,  шунча собиқ ўқувчим халқ хизматида,  шунчаси эл ардоғида, эл хизматида” деб суюнган.  Байрамларда бирор маротаба қўнғироқ қилиб, “Йўқламайсан ҳам” дея гина қилмаган. Таваллуд кунларида бирорта ўқувчиси йўқлаб қолса, “эсингдами, палончиев, синфдошинг? Шу бола мактабда ҳам яхши ўқирди, ҳозир катта идорада ишлаяпти” дея мақтанган бўлса не ажаб?

Хуллас, юрагимга тугилган нарса бугун қоғозга тўкилди. Саодат Файзиева, бугун ўқувчиларининг 90 фоизи вилоят халқ хўжалигининг турли соҳаларида раҳбар бўлган, шифокору устоз бўлган, молиячию ҳисобчи, офицеру эр йигит бўлиб етишган, меҳрибон устоз, борингизга шукур!

 

         Зебо Кубаева.