Сирдарё вилояти ҳокимлигида Ҳиндистон давлатининг “Арвинд Лимитед” компанияси пахта саноати ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича директори, жаноб Прагнеш Шах ва компания стратегик ривожланиш масалалари директори Самир Агравал ташрифига қабул маросими бўлиб ўтди.

1897 йилда Ҳиндистонда ташкил этилган “Арвинд Лимитед” айничоғда, дунёнинг энг йирик джинси мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи компаниялардан бирига айланди. Бугунга келиб, компанияда умумий қиймати 1 миллиард 500 миллион АҚШ долларидан зиёд, йиллик қуввати 500 миллион метр мато ҳамда 20 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада 30 мингдан ортиқ ишчи-хизматчилар меҳнат қилади. Компания дунёнинг 15 йирик, жумладан, Томми Хилфигер, ЮС Поло, СК, ГАП, Наутика ва бошқалар савдо брендлари билан ҳамкорлик қилади.

Қабул маросимида вилоят ҳокимиининг ўринбосари ҳудудда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун шарт-шароитлар, белгиланган имтиёзлар ва преференциялар бўйича аниқ мисол, рақам ва роликлардан кенг фойдаланган ҳолда тақдимот ўтказди.

– Россия ва Ҳиндистон давлатлари ўртасида имзоланган шартномага кўра Мумбайдан Санкт-Петербург шаҳригача борувчи темир йўл қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда,  – дейди вилоят ҳокимининг ўриносари Аваз Ходижиев. – Ушбу йирик лойиҳа амлга оширилиши натижасида, ҳозирги кунда ушбу ҳудудлар оралиғини босиб ўтиш 7 кунгача қисқаради. Лойиҳанинг самарали амалга оширилиши бевосита Ўзбекистонга ҳам боғлиқ. Ана шу темир йўлнинг бир қисми республикамиз ҳудуди орқали ўтиши давлатимизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириши шубҳасиз.

Ўз навбатида, “Арвинд Лимитед” компанияси пахта саноати ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича директори, жаноб Прагнеш Шах, компаниянинг мамлакатимизга киритадиган инвестицияси, Сирдарё вилоятида амалга оширидиган лойиҳалари, вилоятда текстил соҳаси бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш ниятида эканликларини маълум қилди.

Хорижий меҳмонлар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

Берилган саволларга вилоят мутасадди раҳбарлари томонидан батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, хорижий инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат назоратида эканлиги ҳамда уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳукумат томонидан барча амалий ёрдамлар берилиши, ишлаб чиқариш корхоналари барча зарурий муҳандислик-комуникация инфраструктуралари билан кафолатли таъминланиши алоҳида таъкидланди.

Музокара давомида, ҳоким ўринбосари А.Ходжиев компания вакилларига вилоятда маҳсулотни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган пахта кластери лойиҳасини ташкил этиш таклифини билдирди. Ҳамда компания томонидан ушбу лойиҳа амалга оширилиши белгиланган тақдирда келгуси йили вилоят ҳокими бошчилигида Ҳиндистон давлатига амалга оширилиши режалаштирилган расмий ташриф давомида ўзаро келишув меморандуми имзоланиши билдирилди.

Ташриф давомида компания вакиллари “Бек кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона негизида пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш маскани ҳамда “Велфорт” қўшма корхонасида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Музокарадан сўнг, хорижий меҳмонлар вилоятда пахта кластери бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамиятининг пахта қабул қилиш маскани ҳамда Гулистон шаҳридаги “Велфорт” МЧЖнинг текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаси иш фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф сўнгида,  компания вакиллари билдирилган таклифларни компания раҳбарияти билан белгиланган тартибда ўрганиб чиққан ҳолда, натижаси бўйича маълум қилинишини билдирдилар.