Гулистон шаҳарида “Меҳнат муҳофазасига риоя қилиш ва ходимлар учун етарли шарт-шароит яратиш” масалаларига бағишланган кўргазмали-семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Сирдарё вилояти ҳокимлиги, бандлик бош бошқармаси, ягона буюртмачи инжиниринг компанияси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда вилоятдаги йирик корхоналар, қурилиш ва коммунал хўжалик ташкилотлари раҳбарлари, саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси мутахассислари, касаба уюшмалари вакиллари, суғурта компаниялари, меҳнат муҳофазаси бўйича ихтисослашган ўқув маркази ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида фуқаролар учун муносиб меҳнат шароити яратилгани, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, саломатлиги ва ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муносабатлари тартиби, ишчи-ходимлар учун қулай ва хавфсиз иш шароити яратиш, меҳнат муҳофазасини ташкил этиш ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама этди. Жойларда йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилиб, мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ муддатлар белилаб олинди.

– Ҳар қандай раҳбарнинг меҳнат муҳофазасидаги биринчи галдаги вазифси меҳнаткашнинг саломатлиги бўлмоғи лозим, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мурод Муҳаммадиев. – Бугунги кўргазмали-семинаримизнинг диққат марказида бўлган Президентимизнинг 2018 йил 20 августдаги “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат хуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3913-сонли қарорида ҳам меҳнаткашларнинг манфаатига алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига кўра илгари вилоят бандлик бош бошқармаси таркибида иш юритган давлат меҳнат хуқуқ ва техник инспекциялар фаолияти тугатилиб, унинг ўрнида ягона давлат меҳнат инспекцияси ташкил этилди ва унинг ваколатлари атрофлича кенгайтирилди.

Ягона давлат меҳнат инспекцияси ходимларининг асосий вазифалари – фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига доир хуқуқларини ва унинг хуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалага оширишдан, манфаатдор корхона ва ташкилотлар билан биргаликда мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиш мониторингини ташкил этиш ва уларнинг ҳар қандай ноқонуний шаклларидан фойдаланишга барҳам бериш, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий органлар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар билан меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш ва уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

Лекин, шу ўринда, кўпчилик раҳбарлар ушбу масала нақадар жиддий ва сиёсий масала эканлигини тушунмасликлари, иккинчи ва ҳатто учинчи даражадаги масала сифатида қараётганликлари, бу масала шунчаки оддий масала сифатида қараётгани ачинарли ҳол.

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ушбу инспекция томонидан ҳудудларда қатор тадбирлар, семинарлар ва учрашувлар ташкил этилиб, қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан иш берувчиларга атрофлича тушинчалар берилди. Корхона ва ташкилотларда ўтган йил давомида меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси, ис гази, ёнғин хавфсизликлари бўйича ҳам 2 мингга яқин назорат тадбири ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Лекин шунга қарамай, ўтган 2018 йил давомида вилоятдаги баъзи корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазасига риоя қилинмаётганлиги ва ходимлар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги натижасида 45 та ҳолат бўйича ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса рўй берди. 3 та гуруҳий, 31 та оқибати оғир бахтсиз ҳодисалар натижасида 11 нафар киши вафот этди, 42 ишчи оғир, 25 нафар ходим енгил тан жароҳати олди. Тўғри, ушбу ишлар юзасидан мутасадди ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланиб, айбдорлар қилмишига яраша қонун олдида жавоб бермоқда. Лекин бу ҳалок бўлганлар оиласига юпанч бўла оладими?

Шунингдек, ушбу кўргазмали-семинарда “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш борасида меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишлари ва бошқа масалалар тўғрисида, бепул хизматлар ва маслаҳатлар ташкил этиш юзасидан ҳам атрофлича сўз юритилди.

Кўргазмали-семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавобларни олди.

А.ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбири