Оқолтин туманидаги Фарғона шаҳарчасида кўп йиллар яшаганман, ўрта мактабни ўша ерда битирганман, қариндош-уруғ, дугоналарим билан тез-тез дийдорлашиб тураман. Буни қарангки, Фарғона шаҳарчасидаги Янги ҳаёт маҳалласига қилган  бугунги ташрифим эсда қоларли бўлди…

…  Янгиҳаёт махалласининг ҳавас қилса арзигулик хонадонлари талайгина. Сабаби,  уларнинг  фариштали ҳожи оналари, отинойилари  кўпчиликни ташкил этади. Маҳалла фаоли, отинойиси Садбархон Қурбонова ана шу  тажрибали онахонларга таяниб «Бувижонлар мактаби»ни ташкил қилган. Мактаб аъзолари бир ойда икки марта бир пиёла чой устида  ўзаро йиғиладилар, хонадонлардаги мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қиладилар, ёшлар таълим-тарбияси, уларни турмушга тайёрлаш, оилавий ҳамжиҳатлик, миллий қадриятларимизга  ҳурмат каби масалалар уларнинг иш режаларидан муҳим ўрин олган.

-«Бувижонлар  мактаби»нинг аъзолари  кўпроқ  ҳожионаларимиздан таркиб топган, — дейди маҳалла отинойиси С.Қурбонова.- Отинойи Чўлпоной, ҳожионалар Хосиятхон, Жўрахон, Ўктамхон, Маҳарамхонлардан таркиб топган   мактабимизда биргина оилавий муаммолар эмас, балки ота-боболаримиздан мерос деҳқончилик,томорқа, ободончилик каби мавзулар ҳам ўрин олган.

Дарҳақиқат, ўзим гувоҳи бўлган навбатдаги  йиғилиш  жараёнида томорқага  экиладиган мевали ва манзарали дарахтлар, анвойи гуллар ҳақида, даладаги дехқончиликдаги ютуқлар ҳақида ҳам қизғин суҳбат қуришди, билсам,  бу тиниб-тинчимас  бувижонларнинг фарзандлари илғор фермер хўжалик рахбарлари экан…

Ажабланишга ҳожат йўқ, шундай бувижонилари бўлган набиралар албатта ҳар соҳада илғор бўладилар-да.

Хуллас,  мен  фарғоналик бувижонларга ҳавас қилдим. Ўзим таниган, билган,  кўчада бекорчиликдан ўтган-кетганни  ғийбат қиладиган, оиласидан жанжал аримайдиган   баъзи хотин-қизларга  уларнинг сабоғи жуда муҳим деб билдим…Жумладан менинг маҳалламга ҳам…

 

Муяссар Пардаева