Халқимизнинг қадимий хазинаси- миллий урф-одатларимизни, қадриятларимизни ёшлар онгига сингдириш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир. Маънавият, анъана — унинг асл мазмуни, маъноси, илдизи бир жойга, инсон одоби-ахлоқига бориб тақалади. Одоб эса инсон кўрки, безаги, унинг буюк камолидир.
Биз анъаналаримиз, урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш имкониятига эга бўлган эмин-эркин замонда яшаяпмиз. Дунёдаги ҳар бир миллатнинг ўз урф-одати бор. У ҳар бир халқнинг ҳулқидан, яшаш тарзидан келиб чиққан. Одамларнинг урф-одатга риоя қилишига қараб кишини қайси миллатга мансуб эканлигини билиб олиш мумкин.
Миллий урф-одатларимизнинг тикланиши истиқлолимизнинг буюк неъмати, чунки миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз негизидир.
Ҳар бир миллат ўзининг тили, урф-одати, анъанаси, маданияти, тарихи билан миллат ҳисобланади. Биз ким, қайси соҳа вакили бўлмайлик, ўзимизнинг миллий урф-одатимизни билмасак, унга риоя қилмасак, ундан ҳаётимизда, болаларимиз тарбиясида оқилона фойдаланмасак, ўзлигимиздан йироқлашамиз.
Зеро, урф-одатда инсоннинг турмуш тарзи, яшаш одоби, муомала маданияти, атрофга муносабат, ота-онага , атрофдагиларга ҳурмат-иззат ва ҳоказолар ўз аксини топган. Урф-одатлар яқингача ўз даврининг қонуни вазифасини бажарган. Шунинг учун ҳам француз олими Ж.Жумбер «Яхши қонунлар урф-одатлардан туғилади», деб бежиз айтмаган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўз ҳукмронлиги даврида урф-одатларга риоя қилишни каттиқ талаб қилган, уни бузган, бўйсинмаган кишиларни жазолаган. Урф-одатни бошқариб турувчи махсус қозиси бўлган.
Халқимизнинг умрбоқий анъаналарини ўзида мужассам этган миллий урф-одатларимиздан: саломлашиш, никоҳ, тўй қилиш, оила тутиш, фарзандни тарбиялаш, ота-онани ҳурмат қилиш, саломатликни сақлаш, илм олиш, кийим кийиш, нонни эъзозлаш, касбу-корлик, меҳмон кутиш, савдо-сотиқ қилиш, миллий байрамларни ўтказиш, табиатни муҳофаза қилиш, мотам маросимларини ўтказиш кабиларнинг ҳар бири буюк бир мактабдир. Уларни ота-боболаримиз асрлар давомида ўз ҳаётларида синаб, турмушларида қўллаб, синовдан ўтказиб бизларга мерос қилиб қолдирганлар. Биз ҳам улар томонидан кашф этилган миллий, маърифий, маданий, диний урф — одатларни авайлаб, асраб, келажак авлодга мукаммал инъом қилмоқлигимиз фарз.

Муҳаббат ОТАХОНОВА,
“Ҳақиқат” МФЙ отинойиси.