Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус  ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда улкан ишлар амалга оширилди. Мазкур ҳудуддаги туман ва шаҳарлар кутубхоналарига 300 минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. Мусиқа ва санъат мактаблари чолғу асбоблари, спорт объектлари жиҳозлар билан таъминланди.

Ушбу 5 та муҳим ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Мактабимизда ҳам ана шу бешта муҳим ташаббусни ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича  ишлар олиб борилмоқда. Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спортга бўлган қизиқишларини кучайтириш мақсадида ўғил-қизлар турли спорт мусобақаларида қатнашиб келишмоқда. Компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишларига ҳам эътибор қаратиляпти. Жумладан, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўқувчилар ўртасида турли хил танловлар ўтказиб келиняпти. Ундан ташқари ўқувчиларимиз дарсдан бўш вақтларида  “Ёш ижрочилар” тўгарагига фаол қатнашишмоқда. Ўқувчилар қалбида ватанга садоқат, юртга меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотувчи қўшиқларни ижро этиш ўргатилмоқда.

Маржона Аманова, Шаҳризода Мусурмонова, Мурод Хурсанов ва Абдулазиз Абдувалиевлар бу борада тенгдошларига ибрат бўлишмоқда. Айни дамда тўгарак аъзоларига  бўш вақтларида “Биз Ватанни севамиз” қўшиғини ижро этиш ўргатилмоқда.

Зеро қўшиқ инсон руҳиятини тозалабгина қолмай, уни эзгуликка чорловчи омил ҳамдир.

 

Турсуной Абдуллаева,

Сирдарё туманидаги 30-                                                                                             мактабнинг мусиқа фани                                                                                                                    ўқитувчиси.