Бу ҳақда Сирдарё вилоят ҳокимлиги фаоллар залида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президентининг “Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси” тўғрисидаги қарори мазмун- моҳиятига бағишланган  маърифий тадбирда сўз борди.

Тадбир иштирокчилари –вилоят давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари, олий таълим, ўрта махсус ва халқ таълими тизими масъул вакиллари, туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, “Оила”марказлари, маҳаллалар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари психология фанлари профессори, республика “Оила”илмий-амалий маркази психологи Баҳриддин Умаровнинг маърузасини тингладилар. Тадбирни вилоят “Оила маркази” раҳбари Сабоҳат Зунунова олиб борди.

Профессор Б.Умаров республика, шу жумладан Сирдарё вилоятида ажримлар таҳлили, уларнинг ҳудудий хослиги ва уларнинг олдини олиш масалалари тўғрисида батафсил фикр юритди. Шу билан бирга, ўзбек халқида “Оила”аталмиш муқаддас масканнинг ота-боболардан мерос бўлиб келаётган урф-одатлари, уларни асраб-авайлашимиз лозимлиги, оилада “каттага ҳурмат, кичикка иззат” принципи энг яхши қоида эканлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

-Айниқса, оилаларда ота-оналарнинг диний таълимотдан хабардорлиги яхши самара беради, чунки муқаддас динимизда ота, она, ўғил, келин, эр ва хотин муносабатларида барқарорлик принциплари аниқ-равшан кўрсатиб берилган, — деди профессор Б.Умаров ўз сўзида. – Ота-онанинг ўзи маърифатдан йироқ бўлса, “фақат қорин ташвишида” яшаса, фарзандларга қандай ўрнак бўла олади? Сирдарёда ажримлар кўпайганлиги ҳақида шов-шувлардан сўнг биз бу ҳудудда бўлиб, ажрашган ва ажрашаётган оилаларни ўргандик. Ва аниқладикки, ажримларнинг кўпи қарор ҳукми 3-10 йиллаб қолиб кетаётган эски ажримлар бўлиб чиқди. Эркак ва аёл фуқаролари-мизнинг ўз тақдири, фарзандлари тақдирига шунчалик бефарқлиги, уларнинг ҳуқуқий ҳужжатларга бефварқлигидан кўриниб турибди. Тасаввур қилинг, эр ва хотин ажрашди, аммо ҳукм кучга киргач, ажрим якунига етказилмай қолиб кетди, яъни ФҲДЁдан ажрим қоғози олинмади, ёки бўлмаса, ажрим оғиздагина бўлди-ю, эр ҳам, хотин ҳам бошқа турмуш қуриб кетишди. Бунинг оқибатида ўз-ўзидан кейин туғилажак фарзандлар ҳуқуқининг бузилишига олиб келади

Сўзга чиққан вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова ҳам юқоридаги фактлар мавжуд экани, вилоят хотин-қизлари ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш  борасида иш олиб борилаётгани, хусусан, вилоят хотин-қизлдар қўмитаси ўз нашри “Ойдин йўл” газетаси орқали ҳуқуқий тарғибот қилаётгани, шу билан биргаликда жойларда ҳуқуқшунослар билан бирга иш олиб бориб, хотин-қизлар ҳуқуқий маданиятини шакллантириш чора-тадибрлари кўрилаётгани ҳақида сўзлади.

Шунингдек, тадбирда жамоат ва диний масалалар бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари Эркин Мўминов ҳам иштирок этди ваўз мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда Гулистон Давлат Университети доценти Равшанбек Маҳмудов, психолог Ёрқиной Нурумбекова, Боёвут туман “Оила” маркази раҳбари Саодат Қорабоева ва бошқалар мунозара учун  сўзга чиқдилар.

 

 

 

Зебо Ҳайдарова