100 ёшга кириб, оламдан ўтган Болхон энамиз болалигимизда атрофиганевараларини тўплаб олиб, ўтмишдан ҳикоя қилиб беришни яхши кўрардилар. Биз қизлар (оиламизда 8 нафар, амакимнинг оиласида 6 нафар қиз бор эди) биримиз энамизнинг сочини тараб, ўриб қўярдик, иккинчимиз  қўл-оёқ тирноқларини олиб, оёқларини уқалаб қўярдик. Ва унинг ўтмиши ҳақидаги ҳикояларини жон қулоғимиз билан тинглардик.  Энамиз 15 ёшида қаҳатчилик, етимлик оқибатида Фарғона тарафлардан келиб қолган экан. Ота-онаси қашшоқликда ўлиб, ягона акаси Йўлдош энамнинг  айтишича, “ўрис босқинчиларга қарши озодлик ҳаракати”га кириб, йўқ бўлиб кетгач, энам отасининг укаси Эргаш бобони қора тортиб, Мирзачўл тарафларга келиб қоладилар.  Бу ерда уни дарров  Ҳайдар бобомга узатиб юборишади.

-15 ёшда-я? – ҳайратда қоламиз биз.

-Қаҳатчилик замони эди, очидан ўлиб қолмасин, деган-да амаким. Улар ҳам жўжабирдек жон эди. Бобонг ёш бўлсаям катта мулла эди, Ҳайдар мулла дейишарди. Бериб юборишган-да…

-Эна, илгари замонда аёллар паранжи, ҳижобда юришган экан-а, сиз ҳам ўралиб юрганмисиз? – ичим ачиб сўрайман мен.

-Йўқ, қанақа паранжи-ҳижоб, ҳамиша очиқда юрганмиз…

-Ие, киноларда ўзбек аёллари паранжида юришган дейишади-ку?

-Бўрттиришади, бойлар хотинларини ўраб олиб юришган, уларнинг атрофида хонларнинг айғоқчилари юриб, чиройли аёл ва қизларни ҳарамга излаб юришгани учун, бой хонадонларнинг аёллари кўчага паранжи ёпиниб чиқишган.

Энамнинг гапларига анграямиз. Ахир Ўзбекистон тарихида ўзбек аёллари фақат паранжида юришган дейишарди-да.

-Айтдимку, унақа бўлмаган. Мана, онангиз ҳам ўранмаган ёшлигидаям. Сизлар бахтлисизлар, 17 ёшгача мактабда, кейин институтда ўқийсизлар, ишлайсизлар ҳали, — деб хўрсиниб қўярди энам. –Аммаларингиз ҳам ўқиш нималигини билмай ўтишди. Икковини ҳам 17-18 ёшда узатиб юбордик, қишлоқдаги мактаб бошланғич эди, 2 синфгача ўқишган, холос. Шу замон бўлса, ўқитардим икковиниям (Аммаларим икковиясиям 75 ёшида вафот этган, энам уулардан кейин яна 10 йил яшадилар).

Бу гаплар ўтган асрнинг 80 йилларида бўлган эди. Замон ўзгарди. Юртимиз мустақилликка эришганини энам қўрмадилар. У каби 100 ёш билан юзлашган момоларни мустақил юртимизда қанчалик эъзозлашаётганини кўрганимда, энам раҳматлик эсимга тушади. Шу пайт энамнинг ҳам кўксига “Шуҳрат” медали тақиб қўйишармиди, деб ўйлаб қоламан. Ахир, умри деҳқончилик, бола тарбияси, кейинчалик невараю чевара тарбияси билан ўтган ҳар бир ўзбек онаси каби шундай эъзозларга лойиқ инсон эдилар-да.

Яна бир гап. Негадир, кейинги пайтда ҳамюртларимиз чет элга тақлид қилиб, қизларини ҳижоб деган нарсага ўраб қўяётганликларини ҳам тушунгим келмайди. Аллоҳга шукур, ҳаммамиз мусулмонмиз, аммо, Ўзбекистон дунёвий давлат, ўзбек аёллари Тўмарис авлодлари, тарихдан маълумки, Тўмарис ҳам ҳеч қачон ўраниб юрмаган.

Бу гапим баъзиларга ёқмаслиги аниқ, аммо, ҳали 10 ёшга ҳам кирмаган қизалоқни, болаликнинг беғубор дамларига тўймаган қизалоқни ҳижобга ўраб қўйиш тўғримикан? Интернет тармоқларида мактаб формаси ҳақидаги янгиликларни ўқиганда қизғин тортишувларга дуч келсам, баъзи эркак юртдошларимиз “қанақа форма бўлсаям, қизим ҳижоб кийиб боради мактабга” деган сўзларини ўқиб ҳайрон қоламан. Сиз қизчанинг ўзидан сўрадингизми? Ўзи хоҳлайдими шунақа кийинишни? Онаси, момоси киймаган нарсани ўраб юриши Сиз учун модами? Ўзига қўйиб беринг, болалигини боладек ўтказсин, ахир. Шу билан бирга очиқ-сочиқ, баданларига татуажлар чиздириб, бўйинларига турли занжирлар осиб, ёшига ярашмаган соқол қўйиб, ўқув даргоҳларига боришини ҳам ёқламасдим. Инсоф, диёнат, эътиқод фарзандларимизнинг юрагида бўлсин.

Аллоҳга шукур, Ўзбекистонимизда бугун ҳамма эркин, ҳамма ўз фикрини бемалол айта олади, ўзи хоҳлаган фаолият билан шуғулланиши мумкин. Миллати, дини ва тилидан, жинсидан қатъий назар қонун олдида тенг. Аммо, ўз фикримизни боламизга зўрлаб ўтказишимиз, уларнинг қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқларига дахл қилишимиз, болалигини заҳарлашимиз ҳам тўғри эмас, деб ўйлайман.

 

З.Кубаева