Боёвут  тумани  истироҳат  боғи  ҳолати   газетамизда  икки бор  танқид  қилинган  эди.  Сиз   уни,  азиз  муштарийлар,  “Унут  бўлган   боғ”,  “Қош-у  кўзи   бўялган  боғ”   сарлавҳаларидан   яхши   эслайсиз.  Айни   пайтда    ҳудудда   ўзгариш  юз  бераётганига   гувоҳ  бўлдик.

Ўтган  йилнинг  май  ойида  “Боёвут  ҳиёбони”  масъулияти  чекланган  жамияти  тузилиб,  хусусий  тадбиркор  номига  Миллий  банк   Гулистон  шаҳар  филиалидан  жами  571  млн 800 минг  сўм  кридет  олинди.    Маблағга    ҳиёбон  ўйингоҳи   учун    4  та   янги   қурилма   олиб  келиб  ўрнатилди.

Дарвоқе,  вилоят  марказий  истироҳат  боғида   янги  аттракционлар  ўрнатилган  бўлиб,  аввалги  3  та  қурилма   туманга   тақдим  этилди.  Ҳозирда   соҳа  мутахассислари  ўрнатиш  ишлари  билан  банд.

Айни  пайтда  боғ  ҳудуди  туман  ободонлаштириш  бошқармаси    балансида  бўлиб,  барча  турдаги   ободонлаштириш,  кўкаламзорлаштириш  ишлари  ташкилотнинг  45  нафар    хизматчилари  томонидан  амалга  оширилмоқда.  Муҳандис  Акбарқул  Худойбердиевнинг   маълутотига   кўра  бу  йил  52  туп  арча ва  40  дан  ортиқ  манзарали   дарахт  кўчатлари  ўтқазилган.  Шунингдек,  юздан  ошиқ   гул  кўчатлари  параваришланмоқда.

Шу  кунгача боғнинг фақатгина   кириш   арки  бўлиб,   бор — йўқ  бир  гектар майдонида  ободонлаштириш  олиб  борилар,  ҳеч  қандай  тўсиқ   йўқлигидан   ҳаттоки,  қорамол   қўйиб   юбориларди.   Ҳозирда  бунинг  олдини  олиш  ишлари  жадал  бажарилмоқда.     Атроф  тўсиқлар  билан  буткул  ўралади.  Кераксиз  ва  бўш  турган  бино   олиб  ташланиб,  боғнинг   адоғигача  текис  йўлаклар,  кириш  ва   чиқиш  дарвозалари   мустаҳкам  қад  ростлайди. Боғга   ёритиш  чироқлари,  соябонли   ўриндиқлар   билан   безаклар  берилди.    Ёзги  томоша  саҳна  ишлари  ҳам    якунига   етказилмоқда.

— Ўрнатган  учирмаларимизга  болажонлар  ҳавас  билан  қараб,  қачон  ишга  тушишини  сўраб  сабрсизланишмоқда,  — дейди  “Боёвут  ҳиёбони” МЧЖ  раҳбари  Наргиза  Доноева.  — Барча  ишларни  1 июн  —   Халқаро  болаларни  ҳимоя  қилиш  кунига  қадар якунлаб, байрам  тадбирларини   шу  ерда  ўтказишни  режалаштирмоқдамиз.

Нима  бўлганда  ҳам,  эртакнинг  яхшилик  билан  тугаганидан  хурсандмиз.  Зеро,  қаҳрамонлари  болалар  бўлган  эртакнинг  ниҳояси  мана  шундай  бўлиши,  шубҳасиз.

 

Озода  МАМАДАЛИЕВА