Бугун Сирдарё вилоят ҳокими  Ғофиржон Мирзаев вилоят журналистлари билан учрашди.

Тадбир кеча  — 22 июнь куни вилоят ғаллакорлари қучган катта ғалаба ҳамда яқинлашиб қолган 27 июнь – Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида ўтказилди.

  • Бу йил бу байрамни мутлақо бошқача, кўтаринки руҳда ўтказайлик, — деди вилоят ҳокими. – Биринчидан,  вилоятимизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиланишлар рўй беряпти, вилоят ҳудуди бугун қурилишлар майдонига айланган,  кўз ўнгимизда одамларнинг яшаш шароити яхшиланиб,  турмуши фаровонлашиб бораётир.

Иккинчидан, вилоят қишлоқ хўжалигида мисли кўрилмаган ютуқларга эришяпмиз,  мана икки йилдирки, вилоятимиз ғаллакорлари  биринчилардан бўлиб, ғалладан кўзланган ҳосилни ортиғи билан йиғиб-териб олмоқдалар.  Бизни нафақат табиат, балки амалга оширилаётган ижобий ишларимизни кўриб турган ота-боболаримиз руҳи ҳам қўллаб-қувватламоқда. Биласиз, баҳор фаслида вилоятда мавжуд қабристонларда кенг ободончилик ишларини амалга оширдик. Шу билан бирга, бор куч-ғайратимизни мақсад сари йўналтирдик.

Айтиш жоизки,  бизнинг эришган муваффақиятларимизда албатта, сиз, журналистларнинг ҳиссаси катта. Ютуқларимизни кенг оммага етказиб, маънавий рағбатлантириб турганингиз муваффақиятларимиз омили бўлмоқда.

Вилоят ҳокими шу билан бирга, илгарилари ушбу соҳага эътибор камроқ бўлганини, аммо, бу йил ушбу камчиликни йўқотибгина қолмасдан, балки журналистлар билан бўлган мулоқотни тубдан яхшилаш, ҳар бир воқеликни аввало, уларга юзма юз учрашувларда билдириш,  улар учун барча шароитларни яратиш ҳақида айтиб ўтди.

Шу ўринда, вилоятда матбуот соҳаси оқсаётганлиги, ёш кадрлар етишмовчилиги, мавжуд кадрларда янгиликларга ижодий ёндошув камлиги танқид қилинди.

-Бугунги кунда одамлар ахборотни қаердан олади? – дея савол берган вилоят ҳокими ўз саволига ўзи жавоб берди: — Интернетдан. Чунки, каттаю кичик, иш орасидами, йўлда кетаётибми, қаерда бўлмасин, ижтимоий тармоқлар орқали нафақат вилоятда, балки республикамиз ҳамда дунёда бўлаётган ишлардан хабардор бўлиб турибди.

Шу ўринда вилоят ҳокими интернетда  ўзи ҳам фаол экани, воқеликларни доимий кузатиб боришини айтди. Вилоят журналистларини жойларда бўлаётган  янгиликларни тезлик билан оммага узатиб боришга, бунда фактларнинг тўғри ва холис берилишига эътибор қаратишни сўради.

Тадбирда байрам тадбири ҳамда келгусида ушбу соҳани ривожлантириш бўйича маслаҳатлашиб олинди.