Ўзбекистон Республикаси Президенти “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Аҳамиятлиси, бу ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йилдаги 68-сессиясининг қарорига мувофиқ, кеча, 30 июль – Жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинган кунда қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони, энг аввало, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини яратишда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ ишлаб чиқилди.

Фармонга биноан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил этилди. Қолаверса, унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси бошчилигидаги янгиланган таркиби ҳам тасдиқланди.

Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида улар фаолияти самарадорлигини, мустаҳкам ҳамкорлик қилишлари ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, уларнинг ижросини назорат қилиш мақсадида одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш.

Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юкланмоқда.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди, унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юкланди. Миллий маърузачи одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз ва жаҳонда юзага келаётган вазият тўғрисида, ушбу жиноят турига алоқадор шахсларни тақдим қилиш ва жазолаш ҳамда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йили маълумот тақдим этиб туриши назарда тутилмоқда.

Айтиш жоизки, адлия тизимида одам савдосига қарши курашиш мавзуси бир кун бўлса ҳам эътибордан четда қолмаган. Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман-шаҳар адлия бўлимлари масъул ходимлари вилоятдаги ҳар бир маҳалла, ўқув муассасалари, меҳнат жамоаларида ушбу мавзудаги қонунчиликни доимий тарғибот қилиб келмоқдалар. Шу билан биргаликда шу йил июнь-июль ойларида тиббиёт ҳамда ўқув муассасаларида  2018 йил 10 май куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори мазмун-моҳияти ҳам тарғиб қилинди ва бу ҳақда ОАВ ларда эълон қилинди.

 

Дилноза Умрзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси