Одам савдоси дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан биридир. Зеро, у ҳудуд ва чегара танламайди.

ХХ-аср охирларига келиб одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолди. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.

2000 йил 5 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияси қабул қилинди.

Одам савдосига алдов йўли билан қўшилиб қолаётган фуқароларнинг огоҳ бўлиши, ўзининг ҳаётига ҳам катта таъсир кўрсатиши, баъзи бир кимсаларнинг бошқа давлатларда қул бўлаётганликлари ачинарли ҳолдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб-чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, шунингдек ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор Қонун хужжатлари қабул қилинган.

Жумладан, 2008 йил 18 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан 2008 йил 27 март куни маъқулланган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун 4б боб, 17 моддадан иборат бўлиб, Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш сохасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Қонуннинг 3-моддасида асосий тушунчалар баён қилинган бўлиб, унга кўра одам савдосига қарши курашиш-одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минимиллаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини англатса; Одам савдоси-куч билан тахдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошка шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишни англатади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига мувофиқ Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёҳуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш жиноятини содир этган шахслар уч йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Одам савдоси қурбонлари кўпда қизлар ва ёш аёллар, болалардан иборат бўлиб қоляпти. Чет элларда ишлаб, пул топиб келаман, орзу-ҳавасни амалга ошираман дея тил билмай, эл билмай, кўр-кўрона йўлга отланган ҳамюртларимиз ҳам осонгина одам жаллоблари қурбонига айланмоқда. Огоҳ бўлайлик!

Барча фуқароларимиздан яқинларига ва қўни-қўшниларига нисбатан бефарқ бўлмасликлари, хушёр ва зийрак бўлишларини сўраймиз ва одам савдосидан жабрланганлар ёки уларнинг яқин қариндошлари ҳамда одам савдосидан жабрланганлар ҳақида маълумотга эга бўлган шахслар, тегишли органларга мурожаат қилишлари, қолаверса, ҳукуматимиз томонидан яратилган барча қулайлик ва шарт-шароитлардан оқилона фойдаланишлари мумкинлигини таъкидлаймиз. Зеро, инсон манфаатлари олий қадрият саналган, ер куррасидаги энг тинч, обод, ҳур ва мустақил мамлакатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

Ойгул Зокирова,

Янгиер шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси