Фуқаролар, айниқса, ёш авлодни турли зарарли иллатлар таъсиридан асраш бўйича ўтказилаётган профилактик тадбирлар ва давра суғбатлари, кўрилаётган чора-тадбирлар фаровон турмушимизнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги “Ташқи бозорларда махаллий махсулотларни рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5286-сонли фармонида   Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт маҳсулотлари, қўлёзмалар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, ирқчилик ва унинг турларини (антисемитизм ва фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш таъқиқланиши белгилаб қўйилган.

Шундай бўлса хам, айрим фуқаролар томонидан билиб-билмай диний мазмундаги, беҳаёлик ва зўравонликни тарғиб этувчи материалларни республика ҳудудига олиб киришга бўлган уринишлар ҳамон учраб турибди, айниқса мазкур қонунбузарлик ҳолатлари ёшлар ўртасида учраши ачинарли ҳолат, албатта.

2018 йил давомида фуқаролар ва уларга тегишли бўлган юкларни божхона кўригидан ўтказиш натижасида 1 та ҳолатда 1 дона диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи,  2  та  ҳолатда 18 дона диний мазмундаги авдио ёзувлар, 25  та  ҳолатда  45 дона зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи хамда 149 та ҳолатда 8533 дона бехаёликни тарғиб қилувчи видеоматериаллар билан боғлиқ божхона қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган, натижада 1 нафар фуқарога нисбатан жиноий ва 165 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ишлар юритилиб, суд қарорларига асосан жазо чоралари қўлланилган.

Барча ҳолатларда ушбу таъқиқланган материаллар фуқароларнинг шахсий уяли қўл телефонларида, ноутбук, флешка ва бошқа ахборот ташувчи воситаларида сақланаётганлиги маълум бўлган. Мазкур таъқиқланган материаллар божхона ходимларининг оғзаки сўровлари вақтида ва замонавий техника воситаларидан фойдаланган  ҳолда  аниқланмоқда.

Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг тегишли бўлим ва божхона постлари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида божхона қонунчилиги бўйича олиб борилган кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишлари, давра суҳбатлари, учрашувлари ва профилактик суҳбатлари тизимли йўлга қўйилиб, ўсиб келаётган ёш авлодни одоб ва ахлоқ даражасида тарбиялаш, уларнинг онгини ҳар хил бузғунчи ғоялар билан заҳарланишининг олдини олиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза этиш органларининг вазифалари, балки ҳар бир фуқаронинг кунлик фаолиятидаги асосий йўналиш бўлиб қолишини ёддан чиқармаслигимиз  зарурдир.

2018 йил давомида божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликларни ўз вақтида етказиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, ишбилармонлар, экспортёрлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, декларантлар, олий ўқув юрти, касб-ҳунар коллежлари ва лицей талабалари, мактаб ўқувчилари, божхона постлари атрофида яшовчи аҳоли ва божхона постлари орқали ҳаракатланадиган фуқаролар ҳамда ходимларнинг ота-оналари билан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида 155 та учрашув, семинар, давра суҳбатлари ва профилактик йиғилишлар ўтказилди.

Бу вазиятда ҳуқуқ-тарғибот органларининг, шу жумладан, божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва сезгирлигига таяниш билан бир қаторда юртдошларимиздан ҳам божхона қонунчилигига  қатъий  риоя  қилишлари  талаб  қилинади.

Шуни эслатиб ўтамизки, Диний адабиётларни республикага олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида амалга оширилади.

Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (0367) — 225-48-67 — “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари ва бошқармада ташкил этилган “Халқ қабулхонаси”га мурожаат этишлари мумкинлигини  эслатиб ўтамиз.

 

                                                             

                                                                                                          Сирдарё вилояти божхона бошқармаси

                                                  Жамоатчилик  ва  оммавий  ахборот 

                                                  воситалари билан алоқалар гуруҳи